Ўзбекистон | 10:34 / 24.02.2023
38451
9 дақиқада ўқилади

Ёш болалар массажи: бизнесми ё зарурат?

Бугун парвариш қилинаётган гўдаклар айрим ҳолларда массажга эҳтиёж сезишади. Кўпинча врачларнинг ўзи ҳам шуни тавсия этишади. Массаж нархлари ҳам эҳтиёж ва ҳудудларга қараб фарқ қилади.

Фото: Kun.uz

Чақалоқ туғилгандан бошлаб тўғри парваришланиши унинг соғлом бўлиб ўсишида аҳамиятли ҳисобланади. Бунда болани доимий равишда шифокор кўригига олиб бориб, унинг саломатлиги билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни маслаҳатлашиш зарур. Болалар шифокори чақалоқнинг ҳолатига қараб унга массаж ҳам буюриши мумкин.

Шифокорлар аксар ҳолатда болага массаж ёзиши, ҳатто баъзида унинг оёғига шина тақишни тавсия қилиши мумкин. Ҳақиқатан, массаж ва болаларга турли ортопедик воситалар тақиш бизнесга айландими ёки болалар уларга муҳтожми?

Сабаб нима?

Facebook ижтимоий тармоғидаги ёш оналар гуруҳида ўтказилган сўровга кўра, аксар оналар массаж ва ортопедик воситаларга эҳтиёж ортаётгани сабабларини қуйидагилардан иборат деб билишади:

  • Аёлнинг ҳомиладорлик вақтида ўзига ва ҳомилага етарлича эътибор бермаслиги натижасида бола дунёга келгач унда калций ва бошқа зарур элементлар етишмаслиги;
  • Экологиядаги ўзгаришларнинг туғилаётган чақалоқларга таъсири;
  • Чақалоқни бешикка белаш;
  • Оилавий поликлиникаларда болалар вақтида сифатли кўрикдан ўтказилмаслиги;
  • Соғлигида ҳеч қанақа муаммоси бўлмаса ҳам, боланинг яхши ривожланиши учун ёрдам бериш.

Массажнинг нархи қанча?

Болалар массажининг бир курси ўртача 10 кун давом этади ва ҳудудларга, унинг турига қараб нархи фарқланади: ўз-ўзидан, пойтахтда қимматроқ, вилоятларда нисбатан арзон:

  • Тошкент вилоятида: соати ўртача 40 минг сўм;
  • Тошкент шаҳрида: ўртача 50 минг сўмдан 200 минг сўмгача;
  • Навоий вилояти: ўртача 35-45 минг сўм;
  • Водий вилоятларида: ўртача 50 минг сўм.

Оналар фикри қандай?

Болаларини массаж қилдирган ва ортопедик воситалар тақишга мажбур бўлган оналар ўз фикрлари билан бўлишди. Уларнинг фикрига кўра, врач томонидан буюрилган ва яхши мутахассис томонидан бажариладиган массаж бола учун фойдали. Лекин баъзида болани нотўғри массаж қилдириб қўйиш ҳолатлари ҳам бор:

  • «Қишлоқ аёллари ҳомиладорликда кўрикдан вақтида ўтмайди, витамин ичмайди. Ултратовуш текширувларига ҳам рухсат йўқ. Натижада бола туғилгач унга кўпроқ эътибор керак бўлади».
  • «Массаж унча зарурмас деб ўйлаб, қилдирмагандим. Уйда ўзим енгил массаж қилардим, лекин мутахассис кўриги керак экан. 6 ойлигида боламнинг оёғида муаммо борлигини билдик ва шина тақдик, массаж олди. Ҳозир аҳволи анча яхши».
  • «Ўғлим массажгача умуман ҳаракатлана олмасди. Невропатолог 3 курс массаж ёзган эди. 2 курс поликлиникадан олдик, лекин ўзгариш сезмадим. Охирги курсини бошқа массажчидан олгач, ҳаракатлари бирданига ўзгарди».
  • «Боламга ортопед массаж буюрди. 4 кун олдик, лекин массаж вақти йиғлайвериб касал бўлиб қолди. Бошқа қилдирмайдиган бўлдим».
  • «Ортопед ташхис қўйиб берса ва шунга қараб массаж олинса, муаммо йўқ деб ўйлайман».
  • «Иккинчи фарзандимнинг оёғида муаммоси йўқ эди, лекин негадир поликлиника ортопеди 2 марта кўрикда ҳам дисплазия чиқарди. «Массаж керак» дерди, икки мартадаям бошқа ортопедга кўриндик ва муаммо топмадик. 11 ойлигида юриб кетди, демак, қисман врачлар ҳам буни бизнесга айлантириб олишган, массажнинг зиёни йўқ, лекин унинг ортидан пул ишласа бўлади баъзи ҳолларда».
  • «Болани 1 ёшгача массаж қилишни, аслида, оналарга уқтириш ва ўргатиш керак. Массаж қон айланишини яхшилайди, мускуллар ривожланиши ва боланинг яхши ҳаракатланиши учун фойдали».
  • «Қизим 5 ойлигида оёғида туғма суяк чиқиши борлигини билдик. Врачлар вақтида даволанмаса, кейин операция қилишга тўғри келишини айтишди. 6 ой шина тақдик, 3 курс массаж олди. Натижа яхши бўлди».
  • «Қизим 3 ойлик пайти тонуси бор деб массаж олганман. Массажчи нотўғри қилиб қўйгани учун қизимнинг бўғимлари бўшашиб кетган. Кейин 2 ёшгача роса массажларга қатнадим. Айтмоқчи бўлганим, малакали массажчини топиш керак экан».

«Чет элда массаж буюришмайди...»

Лекин чет элда Буюк Британия, АҚШ, Жанубий Кореяда яшовчи аёллар бу давлатларда шифокорлар болага массаж буюрмаслигини, фақатгина уй шароитида ўзлари болаларини массаж қилишларини айтишди.

«Кореяда кўп ўзбек аёлларимиз массажчи қидириб юришади. Одатда, шу ердаги рус аёллар массаж қилиб қўйишади. Лекин корейс докторлар массаж ҳақида умуман гап очмайди, соғлом болага шарт эмас дейишган. Шина таққан бирор болани ҳам кўрмадим», дейди Жанубий Кореяда яшовчи она.

Массаж – даволаш муолажаси – мутахассис жавоби

Олий тоифали травматолог-ортопед Фарҳод Ариповнинг қайд этишича, ота-оналар баъзи ҳолатда шифокор билан учрашмасдан ўзлари тўғридан тўғри массажчиларга бориб болаларини массаж қилдиришяпти. Бу жуда нотўғри. Сабаби массаж – даволаш муолажаси ва шунинг учун ҳам уни фақат шифокор буюрган бўлиши керак. Шифокор буюрса, ҳамшира уни бажариши керак. Қолаверса, ҳозир массажга ўқиб олган уй бекалари ҳам кўп. Лекин массаж қилиш учун аввало ҳамшираликка ўқиган бўлиш лозим.

«Массажнинг 2 та тури бўлади: мустаҳкамловчи ва бўшаштирувчи. Тонуси бор болаларга бўшаштирувчи, мушаклари бўш болаларга эса мустаҳкамловчи массаж буюрилади. Шифокор билан маслаҳатлашмасдан баъзида ота-оналар ўзбошимчалик билан массажни нотўғри олади ва унинг асоратларини даволашга тўғри келадиган ҳолатлар ҳам бўлади», дейди шифокор.

Массажни неча курс олиш керак?

Фарҳод Ариповнинг сўзларига кўра, массажни боланинг индивидуал ҳолатига қараб қанча курс олиш кераклигини айтиш мумкин. Ҳозир ота-оналар ўртасида бола то бир ёшга киргунча 3-4 марта массаж олиш керак деган фикр пайдо бўлган. Лекин бу тўғри эмас, ҳаммаси организмнинг ҳолатига қараб белгиланади.

Баъзида бола энди юришга ҳаракат қилаётган пайтда унинг тезроқ ҳаракатланиши учун массаж олишади. Бундай ҳолатда нотўғри бўшаштирувчи массаж қилиб қўйилса, бола оёққа турмай қўйиши мумкин.

Массаж олинмаса, болага зарари борми?

Шифокорнинг айтишича, болани профессионал массажчидан кўра онанинг ўзи массаж қилиши ҳам фойдали. Сабаби она боланинг кайфияти энг яхши пайтини топа олади. Онанинг массажи бола учун фақат фойда, қон айланишини яхшилайди, ўртадаги меҳрни мустаҳкамлайди.

«Баъзи болаларга массаж ёқмаслиги ҳам мумкин. Масалан, тонуси бор бола массаж пайти баттар инжиқланиши мумкин. Худди организмга дори ёқмаса, уни ичишни тўхтатиш зарур бўлгани каби болага ҳам массаж ёқмаса, уни давом эттирмаслик керак. 10 кунлик массажнинг учинчи кунида бола тинчланиб уни яхши кайфиятда қабул қилсагина, давом эттириш мумкин. Агар бола 3 кундан кейин ҳам массаж вақти йиғлаб безовталанса, уни тўхтатиш керак.

Бола соғлигидаги муаммо сабаб ортопедик мосламалар, масалан, шина ёки ортопедик оёқ кийим билан даволанишга муҳтож бўлиши мумкин. Лекин бундай воситалардан фақат ва фақат болага зарур ҳолатда малакали шифокор маслаҳати билангина фойдаланиш зарур. Агар шифокор керак бўлмаган ҳолатда ортопедик восита буюрса ва ундан фойдаланилса, бола қийналади.

Нотўғри ҳолатда шина тақилса, бу ёмон асоратларга олиб келиши ҳам мумкин. Тажрибамда шинани нотўғри тақишгани сабаб оёғида чиқиш кузатилган болаларни даволаган ҳолатлар ҳам бор», дейди Фарҳод Арипов.

Бешик фақат соғлом болага фойдали

Фарҳод Ариповнинг таъкидлашича, чақалоқ туғилгач у маълум муддат ташқи дунёга мослашади. Қўл, оёқлари секин-секин ривожланиб, жойлашади. Агар бола туғилганданоқ бирданига бешикка беланадиган бўлса ва унинг оёқ суягида чиқишга мойиллик бўлса, бешик унга фақат зарар бўлади. Боласини бешикда катта қилмоқчи бўлган ота-оналар у туғилгандан 50 кунча вақт ўтгач, ортопед кўригига олиб бориб, соғломлигига, бешикка белашга қаршилик йўқлигига ишонч ҳосил қилиши зарур.

Фарҳод Арипов ўз тажрибасида бешикни иситиш тизими муаммо бўлган қишлоқ ҳудудларида яшовчи ота-оналарга кўпроқ тавсия қилишини, унда ҳам боланинг соғлигида муаммо бўлмасагина рухсат беришини айтиб ўтди.

Ота-оналар нимани билиши керак?

Фарҳод Арипов тавсиялари:

D витамини. Қуёшли давлатда яшаганимиз билан ҳар бир чақалоққа туғилгач 2 ҳафталик бўлгандан то 1,5 ёшгача D витамини ичиришни бошлаш зарур. Бу витамин боланинг суяклари, тиш, тирноқ, сочлар яхши ўсишига, унда кальций яхши сўрилишига ёрдам беради. D витаминининг меъёрини боланинг ҳолатига қараб, шифокор белгилаб беради.

Шифокор кўриги. Ота-она ўз хотиржамлиги, бола соғлом ўсиши учун болани шифокор кўригига мунтазам олиб бориб туриши, ўзбошимчалик билан ҳаракатлар қилмаслиги зарур.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Мавзуга оид