Жаҳон | 11:35 / 25.02.2023
8261
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Беларусга қарши санкциялар бўйича ишни қачон бошлаши очиқланди

Полшанинг ЕИдаги доимий вакили сўзларига кўра, украиналик болаларнинг ноқонуний депортациясига масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар ҳамда бир қатор бошқа бандлар бўйича келишувга эришилган.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи Украинага қарши тажовузкорлиги учун Россияга қарши ўнинчи санкциялар пакетининг асосий мазмуни бўйича келишиб олди. Бу ҳақда 24 февраль, жума куни бўлиб ўтган матбуот брифингида Полшанинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили Анжей Садос маълум қилди.

Доимий вакиллар украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда айбдор бўлган жисмоний ва юридик шахсларга қарши санкциялар бўйича келишувга эришди. Россиядан олмос олиб кириш масаласи бўйича сиёсий келишувлар олинди - қарор G7'даги ҳамкорлар билан келишилган ҳолда қабул қилинади. Мамлакатлар, шунингдек, Россиянинг «ядро сектори бўйича кейинги қадамларни белгилаб олди», деди Садос.

Бундан ташқари, 24 февралга ўтар кечаси Полша Россиядан синтетик каучук олиб кириш бўйича таклиф тақдим этди. У тегишли ўтиш даврларини ва ойлик лимитни камайтириш механизмини ўз ичига олади. «Биз Россиядан ушбу маҳсулот импорт қилишни давом эттирмоқчи бўлган икки аъзо давлатнинг якуний позициясини кутмоқдамиз. Уларнинг ижобий муносабатига умид қиламиз», деди доимий вакил. У аниқ қайси давлатлар ҳақида гапираётганини очиқламаган.

«10-санкция пакетининг бошқа барча асосий бандлари келишиб олинганга ўхшайди», деб хулоса қилди Анжей Садос.

Швеция томони Беларусга қарши санкциялар бўйича жадал иш 27 февралдан бошланишига ишонтирди.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 9 февраль куни Украина президенти Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжумани чоғида россиялик сиёсатчилар, ҳарбийлар ва тарғиботчиларга янги чеклов чоралари жорий этилиши кераклигини айтди. Бундан ташқари, янги эмбарголар жорий этилиши кутилган эди, бунинг натижасида Россия бюджети яна 10 миллиард евро йўқотади, дея ваъда берган фон дер Ляйен.

Мавзуга оид