Жаҳон | 22:09 / 26.02.2023
13933
4 дақиқада ўқилади

Италия жанубида мигрантлар кемаси чўкиб кетди. Камида 58 киши ҳалок бўлган

Камида 58 киши, жумладан эмизикли бир бола ҳам Италия жанубий соҳиллари яқинида ичида мигрантлар бўлган йирик қайиқ бўрон вақтида ҳалокатга учраши оқибатида вафот этди.

Фото: ITALIAN RED CROSS

Кема ҳалокати «Италия этиги» учини акс эттирувчи Калабриянинг шарқий соҳилидаги Стеккато-Ди-Кутро денгиз курортига яқин ҳудудда рўй берган.

Италия ҳукумати қуруқлик ва денгизда кенг кўламли қидирув-қутқарув амалиёти бошлаган.

«Айни вақтга келиб 80 киши қутқарилган, жумладан қайиқ ҳалокатга учраганидан кейин соҳилга қадар сузиб келганлар ҳам», дейилади соҳил хавфсизлик хизмати хабарида.

Маълум бўлишича, бортида 150 нафарга яқин одам бўлган катта қайиқ соҳилга яқинлашиб, одамларни туширишга уринган вақтда қояга урилиб, ҳалокатга учраган.

Ўт ўчирувчилар ва бошқа қутқарув хизматлари гидроцикллар ёрдамида сувда қолганларни қидирмоқда, аммо қидирув ишларни ноқулай об-ҳаво шароити қийинлаштирмоқда.

Аввалроқ Италиядаги ANSA ахборот агентлиги пляжда 27 киши жасади топилгани, денгизда яна кўплаб жасадлар борлигини хабар қилганди. Ўт ўчирувчиларнинг расмий телеграм-каналида 28 жасад аниқлангани ҳақида хабар берилган.

Adnkronos ахборот агентлиги маълумотига кўра, кема бортида Эрон, Афғонистон, Сомали ва Покистондан бўлган меҳнат муҳожирлари кетаётганди.

Айримлар ҳалокатдан омон қолган. Фото: SHUTTERSTOCK

Италия бош вазири Жоржиа Мелони ҳодиса юзасидан «чуқур ҳамдардлик» билдириб, одамлар ҳалокати учун айбдорликни одам савдогарлари зиммасига  юклаган.

«Бош вазир Жоржиа Мелони одам савдогарлари туфайли кўплаб одамлар ҳаёти завол топганидан қайғуда. Эркаклар, аёллар ва болаларнинг ҳаётини улар хавфсиз саёҳат қилиш умидида тўлаган «чипта» нархига алмашиш инсонийликдан эмас», дейилади унинг идораси баёнотида.

«Ҳукумат мигрантлар саёҳати, бу билан бирга шу каби фожиаларнинг олдини олиш ҳаракатларини давом эттиради, бу биринчи навбатда бу одамлар келаётган мамлакатлар билан ҳамкорликни талаб этади», дейилган баёнотда.

«Бу ноқонуний миграция каналларига қарши қатъий ҳаракатлар зарурлигини кўрсатган улкан фожиа», деган Италия ички ишлар вазири Маттео Пьянтедози. Унинг сўзларига кўра, одам савдогарлари мигрантларга Европада «яхшироқ ҳаёт ҳақида хаёлий сароб» таклиф этиб, инсонлар ҳаёти эвазига фойда кўрмоқда.

Ўтган йили сайлов кампаниясида миграцияга қарши қатъий позициясини намойиш этиб, ҳокимиятга келган Мелонининг ўнг қарашлардаги ҳукумати Италия соҳилларига мигрантларни қўймасликка ваъда берган ва шу кунларда денгизда қутқарув қоидаларини кучайтирувчи янги қонунни қабул қилди.

Янги қонун мигрантларга ёрдам кўрсатувчи кемалар бир ҳолатда фақат бир қутқарув амалиёти амалга оширишга рухсат беради, бу эса, танқидчилар фикрича, Ўрта Ер денгизи марказий қисмида шу каби ҳодисалар қурбонлари сони ортишига сабаб бўлади.

Италия - Европага денгиз орқали етиб боришга ҳаракат қилувчи мигрантлар қўнадиган асосий манзиллардан бири ҳисобланади. Уруш ва қашшоқлик билан тўқнашган кўп сонли одамлар Европада яхши ҳаёт излаб, Ўрта Ер денгизини кесиб ўтиб, Африкадан Италияга йўлга тушишади.

«Марказий Ўрта Ер денгизи йўналиши» деб аталувчи йўналиш дунёдаги энг хавфлиларидан бири ҳисобланади.

Халқаро миграция ташкилотининг «Бедарак йўқолган мигрантлар» лойиҳаси маълумотига кўра, 2014 йилдан буён марказий Ўрта Ер денгизи йўналишида 20 333 киши ҳалок бўлган ёки бедарак кетган.

Мавзуга оид