Ўзбекистон | 18:57 / 06.03.2023
35953
2 дақиқада ўқилади

Конституцияни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёр бўлди

Президент депутатлар, сенаторлар ва Олий суд раҳбарияти билан учрашди. Якуний қонун лойиҳасига Конституциявий суд хулоса бериши кутиляпти, шундан кейин референдум ўтказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 6 март куни президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан учрашди.

Учрашувда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан халқимиз томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

“Депутатлар жамоатчилик томонидан юборилган 200 мингдан ортиқ таклифларнинг ҳар бирини синчиклаб ўрганиб чиқишди, бунда халқаро тажриба ҳам инобатга олинди, турли соҳалардан етук мутахассислар ва экспертлар жалб этилди”, – дейилади расмий хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бир неча ой давом этган ўрганишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг якуний таҳрири тайёр бўлган.

Лойиҳани референдумга қўйишдан аввал депутатлар Конституциянинг 83-моддасида белгиланган қонунчилик ташаббусига эга субъектлар билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Қонун лойиҳаси Конституциявий суд томонидан алоҳида кўриб чиқилиши ва хулоса берилиши қайд этилди.

Маслаҳатлашувлар давом этади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид