Жаҳон | 07:33 / 07.03.2023
12193
2 дақиқада ўқилади

Киев: Бахмут учун жанглар «катта натижаларни» келтирмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида Бахмут учун жанглар уруш давридаги «энг катта натижалардан бирини» бераётганини маълум қилди. 

Фото: Libkos / AP / Scanpix / LETA

У Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийга Донецк вилоятининг ушбу шаҳрида «йигитларга ёрдам бериш учун тегишли кучларни топиш» зарурлигини таъкидлади

Олий қўмондонлик штабининг 6 март куни бўлиб ўтган йиғилишида Бахмут мудофаасини давом эттириш ва шаҳардаги позицияларни мустаҳкамлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Аксарият Ғарб ҳарбий экспертларининг фикрича, Бахмутни ушлаб туриш ёки бой бериш урушнинг бориши учун стратегик аҳамиятга эга эмас.

Залужний ҳамда Донбассдаги гуруҳ раҳбари, «Хортица» қўшинлар тезкор-стратегик гуруҳи қўмондони Александр Сирский Украина президентининг шу ҳақдаги саволига жавобан Бахмут мудофаасини давом эттириш кераклигини қайд этишган. «Улар мудофаа амалиётини давом эттириш ва Бахмутдаги позицияларимизни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдиришди», — дея хабар берган Украина президенти офиси матбуот хизмати. Хабарда Залужний ва Сирскийдан қандайдир иқтибос келтирилмаган.

Украина президенти офиси бу хабарни Германиянинг Bild таблоидида Зеленский ва Залужний ўртасида Бахмут бўйича позициялардаги келишмовчиликлар ҳақида чиққан хабар ортидан тарқатди. Немис нашрининг Киевдаги манбасига кўра, Залужний бир неча ҳафта олдин тактик сабабларга кўра Бахмутдан кетиш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф этган, Зеленский эса уни мудофаани сақлаб қолишга чақирган. 

Мавзуга оид