Жаҳон | 13:50 / 07.03.2023
14462
2 дақиқада ўқилади

Пекин АҚШни эҳтимолий можаро ҳақида огоҳлантирди

Агар Вашингтон Хитойга нисбатан сиёсатини ўзгартирмаса, бу қарама-қаршилик ва можароларга олиб келади, унинг оқибатлари фалокатли бўлиши мумкин, дея маълум қилди Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ган.

Цин Ган / Фото: Kyodo

Хитой расмийлари Қўшма Штатлар томонидан қарама-қаршилик сиёсати хавфли эканини маълум қилди. Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ган 7 март, сешанба куни Пекинда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши сессияси доирасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Вашингтон адолатли ва қоидаларга асосланган рақобатга эътибор қаратиш ўрнига, ХХРни бостириш ва тийиб туришга умид қилаётганини айтиб ўтди.

Агар АҚШ маъмурияти Хитойга нисбатан бу йўналишни ўзгартирмаса, бу «можаролар ва қарама-қаршиликларга» олиб келади, дея таъкидлади у ва Вашингтонни Хитой ҳақидаги тасаввурни «жиддий бузганликда» айблади. «Улар Хитойни ўзларининг асосий рақиби ва энг катта геосиёсий муаммо деб билишади», деди вазир. 

Цин Ганнинг сўзларига кўра, АҚШ маъмурияти Хитой билан муносабатларнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқаётганини ва зиддиятга интилмаслигини даъво қилмоқда, бироқ амалда бу Пекин туҳмат ва ҳужумларга сўз ёки ҳаракатлар билан жавоб бермаслиги кераклигини англатади. «Бу шунчаки мумкин эмас, - деди у. - Агар Қўшма Штатлар тормозни босмаса ва нотўғри йўлда давом этса, ҳеч қандай тўсиқ можаро ва қарама-қаршиликка олиб келадиган рельсдан чиқишнинг олдини олмайди». Цин Ган «бундай можаронинг оқибатлари фалокатли бўлиши мумкинлигини» қўшимча қилди. 

АҚШ-Хитой муносабатлари бир неча йиллардан бери турли келишмовчиликлар - савдо можароси, Тайван бўйича баҳс, жосуслик бўйича гумонлар ва Пекиннинг Россияни қўллаб-қувватлаши туфайли таранглашган. Улар сўнгги ҳафталарда Хитойнинг Америка Қўшма Штатлари узра жосуслик шарларини учиргани билан кучайди, улардан бири февраль ойида уриб туширилганди. 

Мавзуга оид