Жаҳон | 23:15 / 10.03.2023
12189
2 дақиқада ўқилади

Макрон ва Сунак Украинани қарши ҳужумга тайёргарлик кўришда қўллаб-қувватламоқчи 

Сиёсатчиларнинг бу борадаги фикри бир хил. 

Фото: AP

Франция ва Буюк Британия Украинага қарши ҳужумга тайёргарлик кўришда ёрдам бериш ниятида. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон Буюк Британия бош вазири Риши Сунак билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг трансляцияси The Independent томонидан олиб борилди. 

«Қисқа муддатда бизнинг мақсадимиз Украинага қарши ҳужум бошлашига ёрдам беришдир», деди Макрон. 

Шунингдек, у Украина можаросидаги асосий вазифа мустаҳкам тинчлик ўрнатиш бўлиб қолаётганини таъкидлади. 

«Украина музокараларни ўз шартларига кўра олиб бориши мумкин бўлганда бошлайди ва бизнинг вазифамиз бунда унга ёрдам беришдир», деди у. 

Риши Сунак Франция раҳбарининг позициясини қўллаб-қувватлади ва шундай деди: «Биз Украина бу урушда ғалаба қозонишини истаймиз ва биз бу борада мутлақо бирдаммиз. Бизнинг вазифамиз Украинани энг кучли ҳолатга келтиришдир». 

Ғарб давлатлари Украинани «қанча зарур бўлса, шунча» қўллаб-қувватлаш ниятини бир неча бор эълон қилган, бироқ ҳарбий ҳаракатларни тинч йўл билан тугатиш муҳимлигини ҳам таъкидлаган.

Мавзуга оид