Жаҳон | 16:25 / 13.03.2023
6080
2 дақиқада ўқилади

Тихановская: Лукашенко - Украинага қарши урушда «шерик» 

Фото: Reuters

Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Александр Лукашенкони Украинага қарши агрессив урушда Кремлнинг «шериги» деб атади

«У Путиннинг барча буйруқларини бажаради», деди у Deutschlandfunk радиостанциясига берган интервьюсида ҳамда Беларус раҳбарининг розилигисиз Украинага ҳужумлар амалга оширилмаслигини қўшимча қилди. 

Тихановскаянинг сўзларига кўра, Лукашенко «ўз мамлакати мустақиллигини қисмларга бўлиб сотмоқда». 

«Биз Россия томонидан оккупацияни нафақат ҳарбий жиҳатдан, балки улар оммавий ахборот воситаларида, иқтисодий соҳада ҳам Беларусни эгаллаб олганини кўряпмиз, – деди Беларус президентлигига собиқ номзод. – Бугун Лукашенко Беларус ичида ҳамон назорат қилаётган ягона нарса - репрессиялар».

Бундан олдин Минск шаҳар суди Светлана Тихановскаяни 15 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Тихановская, суд қарорига кўра, жазони умумий режимли колонияда ўташи керак. Шунингдек, у 800 базавий кўрсаткич (қарийб 127 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди. Унга сиртдан ҳукм чиқарилди. 

Светлана Тихановская суд ҳукмини изоҳлар экан, ўз сиёсий фаолиятини давом эттиришини маълум қилди. 

«Улар «ҳукм» орқали менга нима демоқчи экани ҳақида ўйламаяпман. Биз ҳукм ёки ҳукмсиз ўз ишимизни давом эттирамиз. Мен ва демократик кучлар сиёсий маҳкумларни озод қилиш ва давлатимизни демократик ўзгаришларга олиб келиш учун ҳаракат қилдик ва бундан буён ҳам ҳаракат қиламиз», деди у.

Мавзуга оид