Жаҳон | 22:50 / 15.03.2023
44369
7 дақиқада ўқилади

Қора денгизда Америка дрони қулаши. Сўнгги маълумотлар

АҚШ бу россияликларнинг Су-27 самолёти билан тўқнашув оқибатида рўй берганини айтмоқда. Россия буни рад этган. Экспертларнинг ҳисоблашича, бу ҳодиса туфайли икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри тўқнашув келиб чиқмайди.

Фото: Emerson Nunez / Us Air / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

14 март тонгида америкаликларнинг MQ-9 русумли учувчисиз учиш аппарати Қора денгиздаги бетараф ҳудудда россияликларнинг Су-27 қирувчи самолёти билан тўқнашув оқибатида ҳалокатга учради. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги хабар берган. Россия мудофаа вазирлиги дрон ҳалокати фактини тасдиқлаган, аммо тўқнашув ҳақида ҳеч нарса демаган.

CBS телеканали Су-27 ва Америка дрони тўқнашуви акс этган видеореконструкцияни эълон қилди. Видеодан маълум бўлишича, икки қирувчи самолёт ярим соат ичида дрон атрофида 19 марта айланиб, унга ёнилғи улоқтирган. Ёнилғи дрон винтига тегиб, унинг ишдан чиқишига сабаб бўлган.

Америкалик ҳарбийлар версияси

Америка қўмондонлигига кўра, россияликларнинг иккита Су-27 самолёти «одатий амалиёт»ни бажараётган дрон йўлини тўсиб чиққан. Қирувчилардан бири манёвр амалга ошириб, MQ-9 винтини бўшатиб юборган, натижада дрон бошқарувни йўқотган ва уни чўктиришга тўғри келган.

Америкалик ҳарбийлар қирувчи самолёт бажарган манёврларни «хавфли ва нопрофессионал» деб атаган, бу ҳаракатлар «икки самолётнинг ҳам қулашига олиб келиши мумкин бўлгани»ни билдирган.

«Бу ҳодиса россиялик учувчиларнинг халқаро ҳаво ҳудудида, жумладан Қора денгиз устида АҚШ ва иттифоқчиларнинг самолётлари билан алоқа қилишдаги хавфли ҳаракатлари кетма-кетлигини давом эттиради. Россия экипажининг бундай тажовузкор ҳаракатлари хавфли ва беихтиёр эскалацияга сабаб бўлиши мумкин», — дейилади АҚШ Қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги пресс-релизида.

Россиялик ҳарбийлар версияси

РФ мудофаа вазирлиги Америка томони баёнотидан тахминан икки соат кейин расмий изоҳ берди. Вазирлик версиясига кўра, дрон транспондёрини ўчирган ҳолда уруш туфайли парвозлар чекланган ҳудудга — Қрим ҳудудида «Россия чегаралари йўналиши»да парвоз қилган.

Дронни аниқлаш мақсадида ҳавога қирувчилар кўтарилган. Кескин манёврлар натижасида MQ-9 дрони назоратсиз парвозга ўтган ва сувга қулаган, дея таъкидлайди россиялик ҳарбийлар. Вазирлик хабарида қирувчи билан тўқнашув ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

«Россия қирувчилари борт қуролларини қўлламади, учувчисиз учиш аппарати билан контактга киришмади ва база аэродромга қайтган», — дея қайд этган РФ мудофаа вазирлиги.

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Давлат департаментида АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё ишлари бўйича ёрдамчиси Карен Донфрид билан ушбу ҳодисани муҳокама қилди. Антонов Су-27 ва дрон тўқнашуви ҳақида расман хабар берилиши билан Америка ташқи ишлар идорасига чақирилган, учрашув эса бир неча соат ўтибоқ ташкиллаштирилган. Антонов мулоқотни «конструктив» деб атади, шу билан бирга, ҳодисани талқин этиш борасида томонлар ўртасида келишмовчилик сақланиб қолаётганини таъкидлади. Вашингтондагилар ҳам томонлар «тўғридан тўғри таъсир қилиш ва хавотирларни аниқ етказиш» имконини берувчи очиқ дипломатик каналларни сақлаб қолаётганидан мамнунлигини билдирди.

15 март куни РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков президент ҳодисадан хабардор қилинганини маълум қилди. «Унга хабар берилганми деб сўраш — камида ғалати. Давлат раҳбари ва олий бош қўмондонга бу ҳақда хабар берилмаслигини қандай тасаввур қиласиз? Албатта, бундай бўлиши мумкин эмас. Албатта, хабар берилган», — деган у. Песков шунингдек ҳодиса юзасидан олий даражада алоқа ўрнатилмаганини қайд этган. Ҳодиса юзасидан изоҳ бериш тўғрисидаги саволга жавобан у бу ҳақда РФ мудофаа вазирлиги томонидан берилган баёнотда батафсил келтирилганини айтиб, самолёт ва дрон ўртасида «жисмоний контакт» бўлмаганини алоҳида қайд этди.

Ҳодиса АҚШ ва Россия ўртасида тўғридан тўғри тўқнашувга олиб келмайди — бу борада ҳарбий экспертларнинг фикри бир жойдан чиқмоқда. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳар кунги ҳисоботида АҚШ ва Россия президентлари бундай ҳодисаларга реакция танлашда тўла эркинликка эгалиги ва бундай вазиятлар автоматик равишда эскалация келиб чиқишини англатмаслигини қайд этган. АҚШ президенти Жо Байден бир неча бор Россия билан тўғридан тўғри можарога киришмоқчи эмаслигини қайд этган, Москва эса, ўз навбатида НАТО билан жанг қилишни истамаслигини намойиш этган. ISW шунингдек Россия ҳарбийлари кўп йиллардан буён АҚШ ва иттифоқчиларнинг самолёт ва кемаларига қарши «қўрқитиш тактикаси»ни қўллаб келиши ва бу ҳеч қачон тўғридан тўғри можарога олиб келмаганини ёзади.

Украина раҳбарияти бу ҳодисани Россиянинг можарони кескинлаштиришга қаратилган онгли уриниши деб баҳолади. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов ҳодисани «Путиннинг можаро ҳудудини кенгайтиришга тайёрлиги» ва учинчи томонларни жалб қилишга тайёрлиги тўғрисидаги сигнали деб атади. «Ва-банк тактикаси — стратегик ютқизиқ шароитида вазият ўзгаришига умид қилган ҳолда ставкани доимий равишда ошириш», — дея ёзган Данилов твиттердаги саҳифасида.

Дрон парчаларига нима бўлгани ҳозирча номаълум. Ҳодиса рўй беришидан кўп ўтмай россиялик ғаввослар уларни сув остидан олиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар пайдо бўлганди, аммо бу маълумот тасдиғини топмади. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Вашингтон дрон бегона қўлларга тушиб қолишига йўл қўймаслигини айтди. «Қўшма Штатлар ҳукумати мулкимизни ҳимоя қилиш учун чоралар кўрди. Шубҳасиз, биз уни биздан бошқа биров олишини истамаймиз», дея қайд этди Кирби, аммо айнан қандай чоралар кўрилганига аниқлик киритмади. РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев эса, ўз навбатида Россия дрон парчаларини денгиз тубидан олиб чиқишга ҳаракат қилишини айтди.

Мавзуга оид