Таниқли вайнер жиноят иши доирасида қўлга олинди
Dili.me номи билан танилган вайнерга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. У шериклари билан бир кишини уриб тан жароҳати етказганликда гумонланмоқда.
Интернет ва шоу бизнес оламида Dili.me номи билан танилган вайнер шериклари билан биргаликда бир йигитни калтаклаб, унга тан жароҳати етказгани учун қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов бу маълумотни тасдиқлаб, ҳодиса 23 январ куни содир бўлганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратурага кўра, жиноят иши бўйича гумонланувчи бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида вайнер 10 март куни ушланиб, терговга жалб қилинган.
«Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура баёнотида.
Kun.uz манбасига кўра, калтакланган шахс 24 яшар эркак бўлиб, у вайнернинг куёви (синглисининг турмуш ўртоғи) ҳисобланади. Низога ўртада оилавий келишмовчилик сабаб бўлгани айтилмоқда. Можаро айнан ниманинг ортидан келиб чиққани маълум эмас.
Ҳажвий видеолар ва клиплардаги ижроси билан танилган вайнер Dili.me Instagram'да 3,2 млн обуначига эга. Актёрлик ва блогерликдан ташқари шахсий ресторан бизнесини ҳам йўлга қўйган.
Маълумот учун, Dili.me тахаллуси билан танилган Дилшод Ўрозбоев 1999 йил Тошкент шаҳрида дунёга келган. Тошкент Эстрада ва цирк коллежида таҳсил олган. Интервьюларининг бирида у Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига уч марта имтиҳон топширса ҳам ўта олмаганини айтган.