Трамп ҳибсга олиниши мумкинлигини айтди ва тарафдорларини намойишларга чақирди
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 21 март куни собиқ порноактриса Сторми Дэниелсга сукути учун қилинган тўлов бўйича бир неча йил муқаддам очилган жиноий иш доирасида ҳибсга олиниши мумкинлигини айтмоқда.
Собиқ президент Truth Social тармоғидаги саҳифасида тарафдорларини уни ҳимоя қилиш учун норозилик акциялари уюштиришга чорлади.
Трампнинг айтишича, уни ҳибс олишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги маълумот «коррпуциялашган ва ўта сиёсийлашган Манҳэттен прокуратураси»дан олинган. У ўзини айбсиз деб ҳисоблашини қўшимча қилган.
Аммо Трампнинг адвокати Сьюзен Нешел CBS News мухбирига айтишича, ҳуқуқ тартибот органлари у билан алоқага чиқмаган ва Трампнинг пости ОАВда чиққан хабарга асосланган.
«Бу одатий ишдан фарқли ўлароқ сиёсий мақсадларни кўзлагани туфайли округ прокуратураси президент Трампнинг адвокатларига мурожаат қилиш ўрнига материалларни матбуотга сиздира бошлади», деган у.
У эҳтимолий айбловлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
Америка нашрлари маълумотига кўра, АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари кейинги ҳафтада қўлга олиниб, судга топширилишига тайёрланмоқда. Расмий ҳибсдан сўнг собиқ президент судя ҳузурига олиб борилиши, шундан сўнг гаров эвазига озод этилиши кутилмоқда. Шу сабабли, CNN хабарига кўра, Ню-Йорк ҳуқуқ-тартибот идоралари шаҳарда юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида бир ҳафта давомида идоралараро ҳамкорлик чораларини ишлаб чиққан.
Манҳэттен прокуратураси Трамп баёнотига расмий муносабат билдирмаган.
Агар Трамп чиндан ҳам қўлга олинса, бу АҚШ президентига нисбатан жиноий айбловлар қўйилиши билан боғлиқ илк ҳолат бўлмайди.
Аммо бу унинг келаси йилги президентлик сайловидаги имкониятларига жиддий таъсир қилиши мумкин. Трамп аллақачон сайловга номзодини қўйиши ҳақида гапирган.
Айрим сиёсатшуносларнинг фикрича, унинг ҳибсга олиниши Трампнинг тарафдорларини фаоллаштириши ва унинг сайловдаги имкониятларини ошириши мумкин.
Сторми Дэниелс иши
Трамп ва Сторми Дэниелс иши беш йилдан буён тергов қилинади. 2018 йилда Трампга қарши суриштирув ишларини Манҳэттен прокурори кичик Сайрус Вэнс бошлаган, у 2016 йилги президентлик кампанияси даврида Оқ уйнинг бўлажак раҳбари порноюлдуз Сторми Дэниелсга ўзи билан муносабатлари ҳақида сукут сақлаши учун махфий равишда пул тўлагани ҳақидаги маълумотни текширишга киришганди.
Аёл Трамп билан жинсий алоқада бўлганини тасдиқлаган ва кейинроқ бу маълумотни ёймаслиги учун Трампнинг адвокати Майкл Коэндан 130 минг доллар олганини айтган.
Прокуратурадагилар бу махфий тўловни сайлов кампаниясини молиялаштириш тўғрисидаги қонуннинг бузилиши деб ҳисоблаган. Кейинчалик бу харажатлар Трампнинг сайловолди ташвиқоти фондидан ноқонуний равишда компенсация қилинган. Коэннинг ўзи бунинг учун 2018 йил декабр ойида уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Кейинроқ бу иш 2019 йилда Нью-Йорк штати прокуратураси томонидан очилган молиявий фирибгарлик тўғрисидаги иш билан бирлаштирилган, идоралар биргаликда ишлай бошлаган.
Кейинги икки йилда прокурорлар Trump Organization’нинг сўнгги саккиз йилликдаги солиқ ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатларга киришга муваффақ бўлишган. Бир неча миллионлик саҳифани ўрганиш учун штат бош прокурори прокурор Вэнсга ёрдам учун икки ходимини юборган.
2021 йилда Нью-Йорк бош прокуратураси штаби Трамп ва унинг ташкилотига қарши ишда «жиноят таркиби» борлигини маълум қилди, аммо тафсилотлар келтирилмади.
Бу 76 ёшли Трамп айбланувчига айланган ягона ҳолат эмас, аммо март ойида уни кўрсатма бериш учун судга чақиришгани маълум бўлди. Бу тингловлар ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда ва у ерда нима муҳокама қилинаётгани маълум эмас.
Мавзуга оид
15:41
Туск Украинада ўт очишни тўхтатиш санаси ҳақида АҚШдан декларация кутмоқда
14:42
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
11:53
Шолц Германия ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни Трамп билан муҳокама қилди
10:20