Ўзбекистон | 17:22 / 30.03.2023
34904
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар апрелда об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

Фото: Kun.uz

Март ойи тугади. Ўтган йилнинг март ойи аномал нам бўлган эди, бу йилнинг март ойи эса нисбатан қуруқ бўлди, деб ёзмоқда “Ўзгидромет”.

Ўзбекистонда апрел ойида ёғингарчиликнинг сезиларли миқдори ёғади, апрел йилнинг энг нам ойларидан биридир. Республика шимолида, чекка жанубида ва чўл ҳудудларида ой учун ўртача ёмғирли кунлар сони 5 кундан 8 кунгача, тоғларга яқин жойларда ёғингарчилик 9-13 кунгача кузатилади.

Бу йил апрел ойида ўртача ҳаво ҳарорати меъёр атрофида, баъзи жойларда ўртача йиллик қийматлардан бироз кўп бўлади. Апрел ойида ёғингарчилик кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Ой қуруқ ва илиқ об-ҳаво билан бошланади. 1 апрел куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво кам булутли бўлади, кундузги ҳарорат март ойининг охирги кунлари каби +22...+27 даража атрофида, яъни меъёрдан +5...+8 даражага юқори бўлади.

2-7 апрель кунлари республика бўйича беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда шамол шиддатли кучайиши билан қисқа муддатли, момақалдироқли ёмғир ёғади. Кундузги ҳаво ҳарорати ёмғир пайтида +5...+7 даражага пасаяди. Апрел ойининг биринчи ўн кунлиги охирида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда ва ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлайди.

“Ўзгидромет” дастлабки прогнозига кўра, апрел ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида ҳарорат кечалари +7...+12 даражадан +12...+17 даражагача, кундуз кунлари +20...+25 даражадан +27...+32 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Мавзуга оид