Америка молия бозоридаги хавотирлар: Дунёнинг энг қудратли валютасининг қулаши қанчалик асосли?
АҚШ доллари дунё валютасига айланибдики, атрофида унинг инқирози ҳақидаги хабарлар ўралашиб юради. Аммо шу пайтга қадар доллар ўзаро ҳисоб-китобларда мавқейини бирор марта бўлса-да йўқотмади. Тўғри, қадрсизланди, нақд шакли борган сари камаймоқда, АҚШ давлат қарзи босими остида қолди. Лекин барибир доллар ҳамон олди-бердилар учун жаҳоннинг энг қулай валютаси мақомини мустаҳкам сақлаб турибди.
Энг янгиси
АҚШ долларининг инқирози ҳақидаги сўнгги хабарлар 2023 йилнинг март ойида айлана бошлади ва асосий жамғармасини шу валютада сақлайдиган ўзбекистонликларни ҳам ўйлантириб қўйди. Бунга иккита расмийроқ сабаб бор эди: Путин билан Си Жинпингнинг Москвада учрашуви пайтида миллий пуллардан фойдаланишни кенгайтириш маслаҳатлари ва Хитойнинг Бразилия билан ҳисоб-китобларда юандан фойдаланиш режалари.
Аммо жиддийроқ ўйлаб кўрилса маълум бўладики, Россия билан Хитой бундай режани ҳамиша тузиб келишган, қатор лойиҳаларда муваффақиятли қўллашган ҳам. Лекин бу лойиҳалар асосан ўзаро маҳсулот айрибошлаш жараёнидагина фаол ишлаган. Масалан, Россия маълум табиий бойликларни юанга сотади ва ўрнига дарҳол Хитой ускуналарини сотиб олади. Яъни бу ўринда ҳар икки давлатда захира валютасини юанга ёки рублга ўтказиш режаси йўқ. Давлатларо йирик битимлардан ташқари бевосита фуқароларга алоқадор маиший олди-бердиларда ҳамон доллар асосий воситачи валюта бўлиб турибди.
Иккинчи ҳолат – Бразилия ва Хитой ўртасидаги савдода ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади, яъни фақат маҳсулот айрибошлаш жараёнида қисқа муддатда юандан фойдаланилади. Захира сақлаш, бошқа давлатлар билан ҳисоб-китобларда дарҳол юан конвертация қилинади.
Тарихдаги хабарлар
Доллар инқирози ҳақидаги бундан олдинги глобал ахборот оқими 2007-2008 йилларда кузатилган. Ўшанда доллар дунё бўйлаб энди мавқеини йўқотиши, Америка қитъасидаги қатор давлатлар биргаликда “Амеро” валютасини йўлга қўйиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ кейинчалик маълум бўлдики бирор давлатнинг раҳбарияти ёки марказий банкида бу борада аниқ режа йўқ, аксинча, барча давлатлар асосий захираларини долларда шакллантиришган, яъни бу инқироз биринчи навбатда уларнинг ўзларига зарар келтиради.
Аслида иқтисод оламида бундай тебранишлар ҳар доим, яқин 50 йил ичида жуда кўп кузатилган. Энг жиддийси 1971 йилда, доллар энди АҚШ томонидан олтинга эркин алмаштирилмайдиган бўлганидан сўнг бўлиб ўтган. Ўша йили АҚШ президенти Никсон дунёнинг истаган марказий банкидан келган 35 доллар учун бир троя унцияси ҳисобида олтин беришни назарда тутувчи Бреттон-Вуд тизимини тўхтатади. Бу ҳолат ўз захираларининг катта қисмини долларда сақлаб турган ва истаган пайтда олтинга алмаштира олишига ишонган кўплаб давлатларда ваҳима туғдиради. Тўғри, ўша пайт 10 фоиз атрофида доллар инфляцияси кузатилади, олтин шу йилнинг ўзида 38 долларга, кейинги икки йилда 42 долларга кўтарилади. Лекин АҚШ доллари дунё иқтисодиётида асосий ўйинчи мақомини сақлаб қолади. Чунки бу пайтга келиб бошқа рақобатчининг ўзи ҳам йўқ, тобора ривожланиб бораётган молия тизимининг олди-берди жараёнларини фақат олтин билан таъминлаб туриш амалда иложсиз эди.
Доллар инқирози деганда аслида нимани тушунамиз?
Мана шу ерда нозик жиҳат бор. Кўплаб ўзбекистонликларни қийнаётган саволнинг ўзи мавҳум. Агар доллар инқирози деганда маълум кунда, маълум онда бу валютанинг умуман ўтмай қолиши, СССР ва Мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилганидек, алмашиб кетиб, оддий қоғозга айланишини назарда тутсак, бу мутлақо иложсиз ҳолат. Чунки бирор давлат, бирор тизим ва бирор фуқаро бундан манфаатдор эмас. Ҳатто бугунги кунда АҚШнинг (яъни долларнинг) биринчи рақамли душманига айланиб олган Россия ҳам ўз табиий бойликларини, яъни амалда бутун экспортини долларда амалга оширади ва захира қилади.
АҚШ Федерал захира тизими шундай иш олиб борадики, икки юз йил олдинги доллар олиб борилса ҳам ҳар бир банк қабул қилиши шарт ва ҳамма бунга қатъий амал қилади. Сўнгги 50 йилда АҚШнинг ўзида камида 9 марта рецессия кузатилган бўлсада, долларнинг дунёвий мақоми ўзгармаган.
Қизиқ маълумот: дунёдаги маҳсулот айрибошлашнинг 80 фоизгача қисми у ёки бу шаклда долларга боғланиб амалга оширилади.
Долларнинг инқирози амалда унинг парвози
Ҳа, шундай ҳолат ҳам кузатилган. 2008 йилда АҚШда бошланган молиявий-иқтисодий инқироз тез орада бутун дунёни қамраб олди. Шундан олдинги даврда “Амеро”дан ҳайиқиб турганлар, долларнинг “ўтмай” қолишини башорат қилаётганлар амалда бутунлай бошқа манзарага гувоҳ бўлишди. Анъанавий мулкларнинг баҳоси тушиб, доллар қадри кескин ошиб кетди. АҚШнинг ўзида кўчмас мулклар уч баробаргача, Ўзбекистонда икки баробаргача арзонлашди. Акциялар пуфаги ёрилди ва кечагина жуда салоҳиятли деб баҳоланган компанияларнинг аксарияти бутунлай йўқолиб кетди, энг йириклари ҳам бир неча баробар “озган” ҳолда тирик қолишди.
Кўпчилик тарихий параллелларни солиштира бошлади. АҚШда ўттизинчи йилларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган ва тарихда “Буюк депрессия” деган ном қолдирганди. Ўшанда ҳам молиявий ўйинларга пул тикканларнинг деярли барчаси хонавайрон бўлишган, ҳукумат ишсизликни жиловлаш учун йирик лойиҳалар бошлаб юборган ва “Кунлик таом+1 доллар” шаклида рағбатлантириб, жон сақлаб қолишларига имкон берганди.
Криптовалюталар долларни синдирадими?
Криптовалюталар чиқиши ва оммалашиши билан кўпчилик яна доллар инқирози ҳақида гапира бошлаганди. Айниқса биткоиннинг парвози тез орада дунё бозори янги етакчини кутиб олиши ҳақидаги фикрларни жонлантириб қўйди. Бироқ ўсиб борган криптовалюталарнинг ўзи ҳам тез орада инқирозга юз тута бошлади, нархларнинг кескин тушиши кузатилди, айримлари бутунлай бозордан чиқиб ҳам кетди. Бу жараёнда уларнинг шунчаки воситалардан бири эканлиги, асосий ўйинчи бўлишига ҳали анча борлиги маълум бўлди.
Хўш, нима қилиш керак?
Аввало ваҳимага тушманг. Чиндан ҳам қўрқса арзигулик бир неча юз минг, ёки миллион долларни сақлаб турган бўлсангиз, ақлингиз ва шахсий тажрибангиз етарли, маслаҳатга муҳтож эмассиз. Долларни ўз ўрнида ишлатиш, қадрини сақлаб қолиш ва ошириш бўйича ҳамма ўз услубини қўллагани маъқул. Лекин кўчмас мулк, олтин каби нисбатан барқарор йўналишлар бундан буён ҳам ўзини оқлаш эҳтимоли юқори.
Ўзбекистонда йирик олди-бердилар асосан долларда амалга оширилиши фонида охирги хабарлар чиндан ҳам кўпчиликни ўйлантиряпти. Бироқ унутмангки бундай хабарлар доим ҳам бўлган ва бўлаверади.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
16:56
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:46
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:42
Россиядан Венесуэлагача: табиий бойликлар бўйича энг бой давлатлар
10:31