Жамият | 21:24 / 05.04.2023
20561
6 дақиқада ўқилади

ОАВ бўйнига 3,7 млрд сўм — зарарни ундиришми ёки сўз эркинлигига таҳдид?

«Anorbank» АЖ ва Sof.uz веб-сайти ўртасидаги иқтисодий иш бўйича суд мажлиси якунланди.

«Anorbank» 2022 йил ноябрида «ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилгани учун» Sof.uz нашри устидан судга даъво киритган эди. Бугун, 2023 йил 5 апрел куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида ушбу иқтисодий низо якунига етди. Суд Sof.uz нашрига банк фойдасига 3,7 млрд сўм миқдорида зарар тўлашга қарор чиқарди.

«Биз ҳар қандай журналистик текширувлар холисона, банк соҳаси мутахассислари ва экспертларининг тегишли фикр-мулоҳазалари ва хулосаларини инобатга олган ҳолда олиб борилиши лозимлиги ҳақидаги позициямизни алоҳида таъкидлаймиз.

«Sof.uz» веб-сайти томонидан банк ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган, банкнинг фикри олинмаган сохта ахборотлар тарқатилиши оқибатида ушбу низо юзага келган эди», дейилади банк баёнотида.

Шунингдек, «Anorbank» ўзининг бизнес имижига, акциядорлар, ходимлар обрўсига ва жамоатчилик фикрига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қараши, бундан кейин ҳам республика ахборот маконида ўз брендини қўллаб-қувватлаш ва турли ахборот хуружларидан ҳимояланишга эътиборини қаратиши таъкидланади.

«Шу билан бирга, биз ОАВ, журналистлар ҳамжамияти ва блогерлар билан профессионал, ўзаро манфаатли ва очиқ муносабатларга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқламоқчимиз ва улар билан доимо мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини сақлашга ҳаракат қиламиз», дея келгусида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликдан умид қилмоқда банк.

* * *

Албатта, банк томонидан оммавий ахборот воситаси судга берилиб, жуда катта жарима ёки зарарни қоплашга мажбур қилинишини ҳеч нарса билан билан оқлаб бўлмайди. Оммавий ахборот воситаси банк эмас, уларда бу қадар катта сумма бўлмайди. Катта эҳтимол билан «Sof.uz» сайти таъсисчиси «Komil unsur» МЧЖ ушбу маблағни тўлай олмасдан ёпилиб кетади.

Банк ўз шаънига дахл қилинган, текширилмасдан, суриштирилмасдан эълон қилинган сохта ва туҳмат хабарлар устидан судга мурожаат қилишга, компенсация ундиришга ҳақли, албатта.

Ривожланган давлатларда бундай ҳолатларда ундириладиган зарар миқдори рамзий 1 доллар қилиб белгиланади.

Чунки ОАВ тарқатган ёлғон хабари туфайли судда ютқазганининг ўзи эътиборга молик воқеа. Демак, у ёлғон хабарлар ҳам тарқатади, демак унга ишониб бўлмайди, деган маъно келиб чиқади. Нашр мухлислари ва жамоатчилик олдида ишончни йўқотади. Ишонч бой берилиши эса, аслида, ҳар қандай ОАВ учун энг катта жазо.

Катта-катта компаниялар ҳам судда етказилган зарарни ундириш учун катта суммалар кўрсатиши ўз нуфузига салбий таъсир қилишини аллақачон англаб етган.

Тўғри, бизнинг ҳар қадамда ёлғон учрайдиган мамлакатимизда бундай жазо белгилаш ҳам кулгили бўларди. Бундай «рамзий жазо»ни кетма-кет суиистеъмол қиладиган нашрлар ҳам борлигига ишонаман. Шунинг учун банк ҳам унадиган (аслида, унмайдиган) «нақди»ни кўраверган, деган яхши гумонга ҳам бораман.

Бундай вазиятда банк таҳририят йўл қўйган хатоларини кўрсатиб бериши, таҳририят эса хатоларини тан олиб, раддия бериш билан ҳам масала ечилиши мумкин эди. Энг мақбул йўл ҳам шу эди аслида.

Бироқ вазиятни бошидан кузатмаганим учун нималар рўй берганидан бехабарман. Бу воқеалар ортида биз билмаган бошқа гаплар ҳам бўлиши мумкинлигини истисно этиб бўлмайди.

Бироқ бу воқеа жуда ёмон прецедент (бошқалар учун ўрнак) яратмоқда. Сўз эркинлигини асраб-авайлашга барча масъул бўлиши керак, ўша банклар ҳам, судлар ҳам. Сўз эркинлиги ҳаммага керак. ОАВни «белдан пастга уриб» — маблағ билан жазоламаслик керак.

Ўзбекистон шароитида таҳририятлар ва улар ҳимоя қилиб келаётган сўз эркинлиги ўзи абгор аҳволда. Улар ҳатто хато қилиши ҳам шарт эмас, ҳақиқатни ёзганлик учун гигантлар энг зўр адвокатларни ёллаб, судда бемалол енгиб чиқа олишади.

Бу баёнотда энг ҳайратланарли жойи, банк ОАВга мурожаат қилиб, келгусидаги яқин ҳамкорликдан умид қилмоқда. Шахсан менга бу хитоб «исталганингнинг пачағингни чиқарамиз, бизни асло танқид қила кўрма», дея туюлмоқда.

Албатта, банк ҳам ОАВ реклама хизматларига муҳтож. Кўрсатилаётган хизматлар ва янгиликлар ТВ, радио, сайтларда чиқмаса, мижозлар хабардор бўлмайди. Мижозларни жалб қилиш учун энг афзал таклифлар ҳам ОАВ орқали тарқатилади.

Модомики шундай экан — банкнинг ҳам келгусида ОАВга иши тушар экан, бир таҳририят пароканда бўлиб кетмаслиги учун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам мазкур воқеага ўз фикрини билдириши керак.

Журналистлар ва таҳририятларимиз (ҳаттоки таниқли блогерларимиз ҳам) эса журналистик бирдамлик деган тушунча борлигини эсга олиб, ким пул берса ноғорасига ўйнаб кетавермасдан, ўзаро «Anorbank»ка ўхшаган ташкилотларнинг «норасмий реестри»ни юритиши керак. Чунки бундайлар ёлғон ахборот ва туҳматга учраганлик баҳонаси остида зимдан сўз эркинлигига рахна солинмоқда. Бундайлар эртага исталган таҳиририятни хато учун судга бериб, ёпилиб кетиши учун камарбаста бўлишади.

Агар ишлар шунақа тус олаверса, ҳаммани кафангадо қилмасликларидан аввал журналистика билан шуғулланишни йиғиштириб қўйсак ҳам бўлаверади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид