Европол йирик ҳакерлик платформаси фаолиятини фош қилди
Genesis Market ўғирланган аккаунтларни оммавий сотиш учун ишлатилган. 17 давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида ҳакерларга қарши кенг кўламли операция ўтказилди.
Европа полиция бошқармаси - Европол бир қатор мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари кўмагида ўғирланган аккаунтларни оммавий сотиш билан шуғулланган дунёдаги энг йирик ҳакерлик платформаларидан бири Genesis Market фаолиятини тўхтатди. «Полициянинг 17 та давлат иштирокидаги мисли кўрилмаган операцияси дунёдаги энг хавфли савдо майдончаларидан бири бўлган Genesis Market'ни йўқ қилишга олиб келди», — деб хабар берди Европол 5 апрель, чоршанба куни Ҳаагада.
Германия, АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Европанинг бошқа ўнта давлатида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган мувофиқлаштирилган операциялар давомида жиноий тармоқ фойдаланувчиларига нисбатан рейдлар ўтказилди, 119 нафар гумонланувчи қўлга олинди, 208 та тинтув амалга оширилди. Operation Cookie Monster код номини олган операцияни умумий мувофиқлаштириш АҚШ Федерал қидирув бюроси ва Нидерландия миллий полицияси томонидан амалга оширилди.
Европол ҳисоботида қайд этилишича, Genesis Market жиноят содир этиш учун энг катта сайтлардан бири бўлган. У икки миллиондан ортиқ фойдаланувчининг ўғирланган маълумотларини сақлаган. Платформа онлайн ҳисоб қайдномаларини ўғирлаш учун компьютерларга зарарли дастурларни юқтириш имконини берувчи ботларни сотди. Маълумотлар реал вақт режимида тўпланганлиги сабабли, мижозлар ҳатто паролни ўзгартириш ҳақида ҳам хабардор бўлган.
Бошқа жиноят сайтларидан фарқли ўлароқ, Genesis Market даркнетда эмас, балки оддий интернетда ишлаган. Ушбу сайтга аъзо бўлиш фақат таклифнома билан амалга оширилган. «Осон кириш ва арзон нархлар янги мижозларни қабул қилишдаги тўсиқни пасайтирди ва уларни ҳакерлар учун қулай даромад манбайига айлантирди», деб таъкидлади Европол.
Мавзуга оид
20:44 / 11.10.2024
Хитойнинг чангютгич-роботлари тўсатдан ўз эгаларини қувиб, сўкинишни бошлади
15:34 / 10.09.2024
Полша Россия ва Беларус ҳакерларининг қўшма диверсиясини тўхтатиб қолди
23:19 / 01.09.2024
Германия Парвозлар хавфсизлиги агентлиги ҳакерлар ҳужумига учради
10:10 / 24.08.2024