Ўзбекистон | 21:12 / 12.04.2023
9151
2 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида иккинчи учиш-қўниш йўлаги 120 млрд сўмга реконструкция қилинди 

Йўлак барча турдаги самолётларни қабул қилади ва 285 тоннагача юкларга бардош бера олади. 

Фото: Uzbekistan Airports

Тошкент халқаро аэропортида иккинчи учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш ишлари якунланди. 

Ўтган йили август ойида бошланган ишлар 12 апрелда тугатилди ва узунлиги 3905 м, кенглиги 60 м бўлган, барча турдаги самолётларни қабул қиладиган учиш-қўниш йўлаги фойдаланишга топширилди. Йўлак 285 тоннагача юкларга бардош бера олиши айтилмоқда. 

Шунингдек, учиш-қўниш йўлаги ICAO биринчи тоифасига мос келадиган замонавий энергия тежовчи ёритиш ускуналари ва қўниш тизимига эга. Бу эса горизонтал кўриниш 800 м ва вертикал кўриниши 60 м бўлганда ҳам самолётга қўниш имконини беради. 

«Бугун биз янгиланган иккинчи учиш-қўниш йўлагини очмоқдамиз. Йўлак охирги марта 1996 йилда реконструкция қилинганини ҳисобга олсак, бу Тошкент аэропорти учун жуда муҳим воқеа. Учиш-қўниш йўлагининг ҳолати эса парвозлар хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим мезони ҳисобланади. Бундан ташқари, парвозлар сони ҳар йили тахминан 50 фоизга ошмоқда. Ҳозир аэропортда кунига ўртача 140 та рейс амалга оширилмоқда. Тошкент эса «ҳаб» — марказга айланиб бормоқда», деб изоҳ берди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева. 

Реконструкция лойиҳаси 120 миллиард сўмга баҳоланган. Лойиҳа Development infrastructure and design компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Ишлар эса «Dorkompleksnab Plus» томонидан амалга оширилган. 

Мавзуга оид