Жамият | 22:04 / 13.04.2023
29677
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 6 ёшли бола ток уриши оқибатида икки қўлидан айрилди

Ўртоқлари билан ўйнаб юрган болакай болалар майдончасига ёнма-ён жойлаштирилган, хавфсизлиги таъминланмаган трансформатор эшигини очиб кўргани айтилмоқда.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, ҳолат жорий йилнинг 5 март куни Учқудуқ шаҳрида содир бўлган. Болалар яқинда фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйнинг болалар майдончасида ўйнаётган бўлган. Болалардан бири майдонча билан ёнма-ён жойлаштирилган трансформатор ёнига бориб, унинг эшигини очиб кўрган. Оқибатда уни катта кучланишли ток урган.

Ўша куни ишда эдим. Ҳолатни эшитиб тезда етиб келдим. Қарасам, боламнинг икки қўли куйиб кетган, аҳволи жиддий. Шифохонада зўрға ўзига келтириб олдик. Аммо икки қўлини кесиб ташлашга мажбур бўлдик.

Шу йил мактабга чиқиши керак эди. Унинг азобланганини кўриб, ўзим ҳам адои тамом бўлдим.

Трансформатор болалар майдончасининг ёнида эди, хавфсизлиги таъминланмаган, ҳатто хавфли эканлигини англатувчи белгилари ҳам йўқ эди. Эшиклари очиқ ҳолатда бўлган ўша куни. Аслида, трансформаторнинг болалар майдончаси билан ёнма-ён бўлиши тўғри эмас. Бунинг ҳам ўз тартиб-қоидалари бўлса керак”, — дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган боланинг отаси Акмал Қобилов. 

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Чинозда поезднинг юк вагони устига чиқиб олган 2 болани ток урганди. Бунинг оқибатида улардан бирининг танаси 20 фоизга, иккинчисининг танаси 80 фоизга куйганди.

Мавзуга оид