Жаҳон | 20:59 / 15.04.2023
13941
2 дақиқада ўқилади

«Иккаламиз ҳам Путин учун асосий душманмиз» - Саакашвили Навалний мурожаатига жавоб берди 

Аввалроқ, Навалний Грузия ҳукуматидан Саакашвилини даволаниш учун қўйиб юборишни сўраган эди. 

Фото: Reuters

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Алексей Навалнийга «омон қолишини, озод бўлишини ва ўзи хоҳлаган мақсадига етишини» тилади. Бу ҳақда у Навалнийнинг Грузия расмийларига Саакашвилини даволаниш учун қўйиб юбориш ҳақидаги мурожаатига жавобан ёзди. 

«Менинг фикримча, Алексей Навалний – Россиядан қоладиган ҳудудларнинг бўлажак президенти. У билан орамизда иккита умумий нарса бор: иккаламиз ҳам коррупция билан муроса қилмаймиз ва Владимир Путиннинг асосий душманимиз. Алексейга омон бўлишини, озод бўлишини ва ўзи хоҳлаган мақсадига етишини тилайман», деб ёзди Саакашвили. 

Навалний айни дамда Владимир вилоятидаги 6-сонли колонияда жазони ўтамоқда. У 2021 йилнинг январидан бери ҳибсда. Яқинда унинг соғлиғида муаммолар борлиги маълум бўлди. Унинг адвокати Вадим Кобзевнинг айтишича, мухолифатчи ШИЗОда (жарима изоляторида) икки ҳафта ичида 8 килограммга озган. Кобзев Навалнийнинг соғлиғи аста-секин ёмонлашиши учун ҳаракат қилинаётганини истисно этмади. 

Михаил Саакашвили 2021 йилнинг кузидан бери ҳибсда. 2021 йил октябрь ойида у Грузияга қайтиб келди ва дарҳол ҳибсга олинди. Чунки 2018 йилда Грузия суди уни мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топиб, сиртдан олти йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Апрель ойи бошида Саакашвили қамоқхонада соғлом ва бақувват одамдан 20 та ташхис қўйилган касал одамга айланганини айтди. Шунингдек, мамлакат ташқарисида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, тез орада вафот этишини ёзган эди. 

Мавзуга оид