Жаҳон | 10:52 / 18.04.2023
15790
9 дақиқада ўқилади

“Дунёни англамасидан қўрқув ҳиссини сингдирамиз” – қўрқув билан улғаяётган болалар

“Жуда кичик болалар, кўрсатмалар ва тақиқларни ҳали тушунмайди, хавф борлигини сезмагани учун ҳам ҳеч нарсадан тап тортмайди. Доимий равишда қўрқитишни қурол қилиб олсак, биз болаларимизни қўрқоқ, ишончсиз ёки эмоцияга берилувчан қилиб тарбиялаймиз. Агар биз фарзандимизда, ўзига ишончи паст инсон пайдо бўлишини истамасак, балансни ушлашни билишимиз керак”, – дейди психолог.

Фото: Kun.uz

“Тез ухла, йўқса “бўжи” сени опкетиб қолади”, “овқатингни емасанг доктор келиб укол қилади”, “қулоқсиз болаларни “баба” “ҳам” қилади”... Ёш болали уйларда шундай “таҳдидлар” тез-тез янграб туради. Ҳали дунёни англаб улгурмаган митти вужудга қўрқув ҳисси сингдирилади. Бу орқали катталар болани осонгина йўриғига юрғизишни исташади. Қўрқитиш методидан ҳаддан ортиқ фойдаланиш бола руҳиятига қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмайди. Психолог Шаҳноза Жумақулова билан шу хусусда суҳбатлашдик.

“Қўрқув – бизни хавфли сигнал билан таъминлайдиган ҳиссиётдир. Бунда биз дарҳол ўзимизни эҳтиёт қилиш режимини ёқамиз. Шу сабаб ҳиссий интеллект нормал ривожланиши учун тарбия нуқтаи назаридан, қўрқувни бутунлай истисно қилиш керак эмас. Қўрқувни тўғри йўналтиришни ўрганиш керак.

Агар ота-она болани қўрқитса, итоаткорликка эришиш кафолатланади. Аммо бола психологиясида жароҳат қолади.

Ҳар бир бола жуда кўп қўрқувни бошдан кечиради, уларнинг аксарияти асоссиз. Баъзи қўрқувлар вақтинчалик, бошқалари инстинктив, асосан туғма, масалан, қоронғилик, баландликдан қўрқиш ва ҳоказо. Аммо ота-оналар томонидан қўрқитиш жараёнида пайдо бўладиган қўрқувнинг бир қанча тоифаси мавжуд.

Баъзи вазиятларда, гапириш имкони бўлмаганда, жуда тез ҳаракат қилиш керак бўлади. Бунда қўрқув ёрдам берадиган ягона нарса деб ўйлаймиз. Мисол учун, агар бола машина йўлига чиқса, хавфлилигини таъкидлаб, бу қўрқинчли оқибатларга олиб келишини айтиш керак.

Нега биз болаларимизни қўрқитамиз?

Ота-оналаримиз ва олдинги авлодларимиздан мерос бўлиб қолган одат бу. Болалар безорилик қилиши агрессияси ортида маълум психологик сабаблар ҳам бор. Қўрқитишдан олдин боладаги инжиқлик сабабларини ўрганиш керак. Қўрқув ёрдамида биз бола эътиборини маълум бир нарсага қаратишга ҳаракат қиламиз.

Мавжуд бўлмаган қўрқинчли қаҳрамонларни ўйлаб топиб, ўзимиздаги тарбия масъулиятини ёвуз ажина, жаҳлдор амаки, махлуқ ва бошқаларга ўтказган бўламиз.

Айниқса, болани йўриғига сололмаган ота-оналар муайян касб эгалари билан қўрқитишга ҳаракат қилишади. Жумладан, шифокорлар, милиция ходимлари, оиладаги катталар, отаси, бобо, буви ва бошқалардан фойдаланишади.

Жуда кичик болалар, кўрсатма ва тақиқларни ҳали тушунмайди, хавф борлигини сезмагани учун ҳам ҳеч нарсадан тап тортмайди. Доимий равишда қўрқитишни қурол қилиб олсак, биз болаларимизни қўрқоқ, ишончсиз, эмоцияга берилувчан қилиб тарбиялаймиз. Агар биз фарзандимиздан ўзига ишончи паст инсон пайдо бўлишини истамасак, мувозанатни ушлашни билишимиз керак.

Мактаб ёшигача бўлган даврда бола катталар айтганига ишонади. Таҳдидлар асосли эмаслигига ишонч ҳосил қилгандан кейин ҳам, бола ҳали ҳам улардан қўрқаверади. Чунки онг остида бу негатив ҳиссиётлар муҳрланиб қолади. Эрта болаликда, болаларда тажриба ва танқидий фикрлаш йўқ бўлади, шунинг учун бола катталарга буткул ишонади.

Шунинг учун бола ажина ва “ужас”лар борлигига ишонади ва ундан қўрқади. Бироқ катталар қўрқув болага бирон бир ножўя таъсир қилишига имкон бермайди, чегарада ушлайди деб ўйлашади. Лекин аслида, улар болада бу “махлуқлар” қандайдир тарзда ёмон иш қилинганида дарҳол пайдо бўладиган, жазоловчи тасвирини яратади. Ҳар гал хато қилиб қўйса, улар келиб қолишидан чўчиб туради. Қарабсизки, энг кучли стресс билан бу “махлуқларни” кутишни бошлайди.

Агар бола бу қўрқувни вақтида ота-онаси билан бўлишса, руҳий жароҳатларнинг олдини олса бўлади. Акс ҳолда, улғайганида бир иш бошлашида хато қилса, кимдир жазолайдигандек хавотирга тушадиган инсонга айланади. Кичикликда эса бу ҳолат уйқу бузилиши, овқатланиш, тушкун кайфиятга сабабчи бўлади.

Қўрқув ва кескин чегаралаш болалар боғчаси ва мактабда ҳар хил низо ва руҳий зарбаларга сабабчи бўлиши мумкин. Катталар нима бўлаётганини тушуна олмайди. Кейин, бола улғаявергач, аллақачон қўрқувларидаги катталар томонидан айтилган жонзотлар келмаслигини тушунади. Бундай ҳолда, катталар бола учун ёлғончилар тоифасига киради. Кейинчалик уларнинг барча сўзларига шубҳа билан ишонмай улғайишади. Бу эса бола тарбияси учун жуда ачинарли ҳолатдир.

Чунки эртами-кечми бола онаси ва дадаси уни алдаганини тушунади. Хафагарчиликдан ташқари, бола ҳаммани алдаш мумкинлигини англайди. Ҳатто катталарни ҳам.

Болани ёмон одамлар билан қўрқитиш тўғрими?

Афсуски, ёмон одамлар ҳақиқатан ҳам мавжуд. Болалар ёмон ниятли бола ўғрилари қурбони бўлишади. Бундай “амаки ва холалар” ҳақиқатда топилиши мумкин бўлган таҳдидли шахс бўлишини тушунтиринг! Бу жуда муҳим.

Ўйин майдончасида сен нотаниш одамга яқинлашмаслигинг керак, бегонага эшикни очмаслик керак, дея болани огоҳлантириш лозим. Яъни бола ўзини ҳимоялашга ўргатилади. Агар бу қўрқитишларни катталар ўз манфаатлари йўлида ишлатаверишса, бола ҳеч кимга ишонмайдиган, одамови бўлиб вояга етади.

Яна бир қўрқинчли амаки бу — милиционер амаки

Қўрқитишдан фойдаланиш болада жиддий қўрқув ривожланишига, хавотир кучайишига олиб келади. Болалар қоронғиликдан, уйда ёлғиз қолишдан қўрқишади. Милиция нозирини эслатиб қўрқитиш боланинг келажакдаги фуқаролик позициясига зарар етказади.

Маълум бўлишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими қўрқувга сабаб бўладиган характер экан. Бола учун у ёвуз одамлар билан бир қатордаги ёмон тоифаларга айланади. Агар ҳуқуқ-тартибот ходими ёмон одам бўлса, унда яхши одам ким? Милиционерлар ва шифокорлардан қўрқиб кетадиган болаларнинг ушбу касб эгаларига ишонмасликлари, оғир вазиятда салбий таъсир кўрсатиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Бола қўрқитилаётганида нимани ҳис қилади?

Аввало шуни таъкидлаш керакки, қўрқитишнинг асосий мақсади деярли ҳеч қачон амалга оширилмайди: яъни бола ўзи англаган ҳолда ўзининг ахлоқини тузатиб, ёмон хулқ-атворини тўғрилаб қўймайди. Айни бундай қўрқитилган пайтда бола ҳис қилаётган нарса — бу қўрқув гирдоби бўлади.

Бу қўрқув нафақат бирор нарсага эътибор қаратишга тўсқинлик қилади, балки яширин хавфларни ҳам олиб келади. Ота-оналарнинг яна бир кенг тарқалган нотўғри тушунчаси: қўрқув болани ўзини ўзи бошқаришга ўргатади, деб ўйлашади. Аслида эса, қўрқув ҳолатида бола амалда ҳеч нарсани ўргана олмайди. У шунчаки қўрққани учунгина гапга кўнади. Моҳиятан вазиятни англамайди.

Қўрқув ўз ичига психологик травмадан ташқари, бола бир қатор яширин касаллик комплексларини олади. Бу унинг кейинги ривожланишини сезиларли даражада мураккаблаштиради. Ҳатто балоғат ёшида ҳам ўқиш ва ишдаги муваффақиятига таъсир қилади.

Қўшимча тарзда атрофдагиларга ишончсизлик ҳисси ортади: биринчи навбатда ота-оналарга, кейин эса бутун дунёга. Қўрқув натижасида энурез, дудуқланиш, асаб тиклари ёки тирноқ тишлаш каби реакциялар (касалликлар) пайдо бўлади. Булар эса табиийки шундай “тарбия” методлари натижасидир. 

Қўрқувни тарбиявий восита сифатида мунтазам равишда қўллаш боланинг катталар билан суҳбатдан қочиши ва журъат етишмаслигига олиб келади. Энди ўйлаб кўринг, нега ҳозирги даврда мулоқот, нотиқлик курслари ва мотиваторларга эҳтиёж кўп? Булар бир пайтдаги қўрқув берган руҳий жароҳатнинг асорати.

Қўрқинчли ҳикоялардаги қаҳрамонларни қандай алмаштириш мумкин?

Биринчидан, болани фақат унинг ҳаётига ҳақиқатан ҳам зарар етказадиган нарсалар билан огоҳлантириш, қўрқинчли воқеа содир бўлиши мумкинлигини тушунтириш керак. Мисол учун, электр токи, иссиқ темир, машина йўли ва бошқалар.

Иккинчидан, ҳақиқатан ҳам хавфли бўлиши мумкин бўлган юқорида келтириб ўтганимиздек, бегона, нияти ёмон бўлган (бола ўғрилари, педофил) одамлар борлиги билан қўрқитиш, адекват ва нормада керак. Бунинг олдини олиш учун бола билан гаплашинг, уни огоҳлантиринг, лекин буни агрессив ҳолатда эмас, балки хотиржам ҳолатда бўлганингизда тушунтиринг. Агар бирон бир “хола” ёки “амаки”, ҳатто нотаниш бола унга ширинлик беришни хоҳласа ва уни уйига таклиф қилса, рози бўлмаслигини уқтириш керак.

Учинчидан: боланинг шахсиятига тегмасдан хавфдан огоҳлантириш керак. Ота-оналар иккита усулдагина болани қўрқитишсиз, маълум кутилаётган ахлоқий натижаларга эришишлари мумкин:

1. Ўзи яхши намуна бўлиш.

2. Оилада оқилона қоидаларни ўрнатиш.

Аввало, ота-оналар барча ҳолатларда – эрталаб ювинишдан тортиб, турли одамлар билан мулоқот қилишгача бўлган хатти-ҳаракатларнинг тўғри асосларини мисол қилиб кўрсатишлари керак. Болалар онгсиз равишда маълумотни ўзлаштиришади. Ҳамма нарсада ота-онасига тақлид қилади. Шунинг учун тарбияда, шубҳали, даҳшатли ҳикоя ва эртаклардан фойдаланманг”, дейди психолог.

Чарос Маннонова суҳбатлашди

Мавзуга оид