Ўзбекистон | 10:51 / 25.04.2023
12560
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда жаримани тўламаслик учун «Москвич» авторақамини Gentra’га тақиб қўйган шахс аниқланди

Тошкент шаҳрида жаримани тўламаслик учун бошқа автомашина давлат рақамини тақиб олган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Фото: Тергов департаменти

2023 йил 13 апрел куни 27 ёшли А.Г. 102 хизматига мурожаат қилиб, опаси, 33 ёшли К.М.га тегишли бўлган оқ рангли “Москвич М21412” русумли автоуловдан олд ва орқа томонлардан давлат рақами белгиларни номаълум шахс томонидан ечиб олганини маълум қилиб, давлат рақами белгиларни топиш ва ечиб олган номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 227-моддаси 1-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан иш қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, мазкур жиноятни жорий йилнинг 12 апрель кунидан 13 апрель кунига ўтар кечаси, соат 03:00 ларда 19 ёшли Т.Ж. содир этгани аниқланиб, ундан жабрланувчига тегишли автоулов олд ва орқа тарафидаги давлат рақами белгилари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Жиноят иши доирасида гумонланувчи сўроқ қилиниб, ундан нима сабабдан ушбу жиноятга қўл ургани сўралганида, у ўз таниши бўлган Х.У. томонидан бошқариб юрган Lacetti Gentra’га кўп жарималар келиб, уларни тулашга маблағи бўлмагани сабабли ва автоулов жарима майдончасига жойлаштирилишидан қўрқиб, унга ёрдам сифатида “Москвич М21412” русумли автоуловидан давлат рақами белгиларини ечиб олиб, таниши бошқарадиган қора рангли Lacetti Gentra русумли автоулови давлат рақами белгилари билан алмаштириб қўйганини маълум қилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид