«Дронлар армияси». Украина шошилинч равишда жанговар дронлар ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда
Украинада фронтда фойдаланиш учун жанговар дронларнинг бутун бир армиясини ташкил қилиш жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда. BBC мухбири Жо Тиди Киев яқинидаги жанговар дрон операторлари тайёрланадиган тренинглардан бирига ташриф буюрган.
Украина ҳукуматининг таъкидлашича, мамлакат жанговар дронлар ишлаб чиқаришни имкон қадар тезроқ кўпайтириши керак. Чунки бундай дронларга Украина қуролли кучларининг фронтдаги бўлинмалари томонидан талаб ўсишда давом этмоқда.
Дрон саноати ўсишини рағбатлантириш учун қонун чиқарувчилар биринчи навбатда зарур бутловчи қисмларни мамлакатга олиб кириш қоидаларини соддалаштирди ва дрон ишлаб чиқарувчиларни божхона тўловларидан озод этди.
Қурилмаларни ишлаб чиқариш «Дронлар армияси» деб номланган жуда муваффақиятли халқаро маблағ йиғиш кампанияси томонидан молиялаштирилади.
Хайрияларнинг умумий миқдори аллақачон 108 миллион доллардан ошди, бироқ маблағ йиғиш ҳали давом этмоқда. Дронлар армиясига қизиқиш машҳур шахсларнинг хайриялари ҳисобига кучайди. Масалан, «Юлдузлар жанги»даги Люк Скайуокер роли билан танилган америкалик актёр Марк Ҳемилл ҳам ушбу кампанияга қўшилди.
Дронларни харид қилиш ва ишлаб чиқариш билан бир қаторда жанговар дронлар операторлари учун ўқув курслари ташкил қилиш ҳам йиғилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
BBC нашри суратга олиш гуруҳи Украина пойтахти чеккасидаги яширин полигонда ўтказилган шундай ўқув машғулотлардан бирига ташриф буюрган.
Ўнлаб «масофадан ишловчи экипажлар» операторлар учун зарур бўлган кўникмаларни ўзлаштирган, у ёки бу ҳарбий нишонни англатувчи, майдоннинг бошқа бир четига ўрнатилган маркерларни қидириш бўйича ўқув топшириғини бажарган.
Слава исмли инструктор жараённи кузатиб, курсантлар томонидан йўл қўйилган хатоларга изоҳ бериб борган ва шу билан бирга, уларга ўрмонда яширинишнинг энг яхши усулларини ўргатган.
«Дронлар -— бизнинг кўзимиз. Ҳаводан душман кучлари яхши кўринади, шунинг учун уларни аниқлаш қийин эмас. Биз аниқланган душман бўлинмаларининг координаталарини ўқ узиш позицияларига узатамиз ва бизнинг артиллериямиз уларни ўққа тутади», дейди Слава.
Сўнгги вақтларда ҳар икки томон, одатда ҳаводан тасвирга олиш учун ишлатиладиган кичик ва нисбатан арзон дронларга тобора кўпроқ таянмоқда.
Фронт чизиғидаги энг машҳур модел DJI Mavic бўлиб, унинг нархи 2000 доллардан ошмайди.
2022 йил ушбу дроннинг хитойлик ишлаб чиқарувчиси уни Россияга ҳам, Украинага ҳам экспорт қилишни тўхтатиб, дронлар «фақат фуқаролик мақсадларида фойдаланиш учун» эканини таъкидлаганди.
Славанинг тан олишича, шундан кейин дронларни сотиб олиш бироз қийинлашди, бироқ Украина ҳали ҳам минглаб бундай қурилмаларни сотиб олиш имкониятига эга.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларига янада кўпроқ дронлар керак ва бунга параллел равишда янги турдаги дронларни ишлаб чиқиш лозим. Чунки тасвирга олишга мўлжалланган квадрокоптерларни ўқотар қурол билан уриб тушириш ёки электроника ёрдамида уларнинг сигналини ушлаш унчалик қийин иш эмас.
«Дронлар армияси» кампанияси ташкилотчилари Украина қуролли кучлари эҳтиёжлари учун ўзлари ясаб, сотиб олиб ёки бошқа йўл билан 3300 та «халқ дронлари»ни тўплаганини маълум қилди. Қуролли кучларга олдинроқ топширилган, аэрофотосуратга олиш учун ишлатилган тўрт юзта дрон эса уларнинг эгалари томонидан хайрия қилинган.
Пул йиғиш кампанияси 2022 йил июл ойида, Украина ҳарбий авиациясига ёрдам бериш ва дрон операторларини тайёрлаш учун очилган эди.
Лойиҳа ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига яхши таниш: у ерда «Люк Скайуокер» (Марк Ҳемилл) ўзининг кўп сонли мухлисларига «Дронлар армияси» ҳақида гапириб берган мавзули видеороликларни фаол равишда улашишади.
Украинадаги кўплаб дўконлар ва ёнилғи қуйиш шохобчаларида дронлар армиясини яратишга қаратилган бошқа миллий лойиҳаларнинг рекламаларини кўриш мумкин. Украина армияси қўмондонлиги дронлар жанг майдонида Украина ҳарбийларига сезиларли устунлик беришини тинмай такрорлайди.
Апрел ойи бошидан буён «Дронлар армияси» кампанияси доирасида ҳар бирининг нархи 16 минг долларга атрофида бўлган ўнта RQ-35 Heidrun разведкачи дрони харид қилиниб, фронтга жўнатилган.
24 апрел куни Украинада ишлаб чиқарилган 100 дона худкуш дронларнинг яна бир партияси Бахмутга юборилган.
Март ойида Украинанинг Рақамли трансформация вазирлиги мамлакатга дронлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бутловчи қисмларни олиб кириш қоидалари енгиллаштирилиши ва тартиби соддалаштирилишини эълон қилди.
Бунга қадар, масалан, GPS модуллари ёки инфрақизил камераларни сотиб олиш камида бир неча ҳафта давом этган, чунки божхона расмиятчилиги ва бошқа бюрократик амалларни ҳал қилишга шунча вақт сарфланган.
Шунингдек солиқ қоидалари ҳам юмшатилди: дрон ва уларнинг бутловчи қисмларини импорт қилувчи украиналиклар божхона тўловлари ва ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) тўлашдан озод этилди.
«Бугунги кунда дронлар фундаментал аҳамиятга эга бўлган технологиядир», деган янги қоидаларни эълон қилган Украина Рақамли трансформация вазири Михаил Федоров.
Федоров «Дронлар армияси»ни яратиш учун бошланган маблағ йиғиш кампаниясига шахсан ўзи раҳбарлик қилган. У Киевдаги вазирлик идорасига ташриф буюрувчиларга Украинада ишлаб чиқилаётган янги махфий камикадзе дрони прототипини фахр билан кўрсатган.
У ишлаб чиқилаётган дронларнинг мақсади ҳақида очиқча гапирган — дронларнинг нишонлари россиялик ҳарбий хизматчилар, шунингдек, танклар, артиллерия ва бошқа оғир ҳарбий техникалар бўлади.
Бироқ, у ҳам ҳукуматнинг қолган аъзолари каби Россия ҳудудига яқинда бўлган дронлар ҳужумини муҳокама қилишдан бош тортган.
Март ойида Украина билан чегарадан 400 километр узоқликда жойлашган Россиянинг Киреэвск шаҳрида дрон портлаб кетган эди. Россия давлат нашрлари хабарига кўра, портлаш оқибатида маҳаллий аҳоли вакилларидан камида уч нафари жароҳатланган.
Феврал ойида эса Украинада ишлаб чиқарилган дронлардан бири Москва областига қулагани, шундан сўнг Москва Украинани энергетика объектига зарба беришда айблагани хабар қилинганди.
Россия Украинага қарши аллақачон юзлаб дронлардан, асосан Эронда ишлаб чиқарилган Shahed русумли аппаратлардан фойдаланади.
Расмий Киев Россия ҳудудида ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун дронлардан фойдаланганини ҳали ҳеч қачон тан олмаган.
Россия ҳудудига Украина дронларининг эҳтимолий ҳужумлари ҳақида қандай фикрда экани сўралганда, Федоров оддий жавоб берган — «Мен Россия босқинини тўхтатишга ва ғалаба қозонишимизга ёрдам берадиган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлайман».
Федоров ўзининг телеграм-каналида Украинанинг R18 дронини ҳам мақтаган. Вазирнинг сўзларига кўра, бу дрон Киевдан Москвагача парвоз қилиб, ортга ҳам қайта олади.
У Москвага дронлар орқали зарба беришга чақиргани ҳақидаги миш-мишларни қатъиян рад этган.
«Бизда ҳарбий операцияларни режалаштирувчи мудофаа кучлари бор ва бизнинг вазифамиз мамлакатда ҳарбий мақсадларда ишлатилувчи дронлар етишмовчилиги юз бермаслиги учун қўлдан келган барча нарсани қилишдир» дейди Федоров.
Украина мудофаа вазирлиги BBC нашрининг Россия ҳудудига дронлар ҳужумлари бўйича изоҳ бериш ҳақидаги сўровини жавобсиз қолдирган.
Мавзуга оид
17:58 / 11.11.2024
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00 / 11.11.2024
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19 / 11.11.2024
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
23:38 / 10.11.2024