Жамият | 13:15 / 01.05.2023
30137
3 дақиқада ўқилади

Диний қўмита Ҳаж зиёратига турфирмалар орқали бормасликни тавсия қилди

Ўзбекистондан фуқароларни Ҳаж зиёратига юбориш ваколати фақат Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига берилган, дея баёнот тарқатди қўмита. Расмийлар Саудия қироллиги Ҳаж ва умра вазирлиги билан келишувларсиз ҳаж зиёратига уриниш – Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ибодат қилиш имкониятини бермаслигини эслатди.

Фото: Getty images

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси тармоқларда тарқалаётган ҳаж сафарига жўнатишга ва тўловларни қабул қилишга доир рекламалар юзасидан муносабат билдирди.

Қўмита Ўзбекистонда ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилишини эслатган.

“Мазкур ҳужжат асосида тузилган Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши аъзолари қаторида ушбу муқаддас ибодатларни уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган.

Мазкур ташкилотларга Ҳаж ва умра мавсумида зиёратчиларнинг соғ-саломат ва ибодатларини тўла-тўкис бажариб келишини таъминлаш мақсадида, Саудия Арабистонидаги тегишли вазирликлар билан зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи муассасалар, меҳмонхоналар, транспорт ва озиқ-овқат корхоналари билан шартномалар тузиш ваколати берилган.

Шу боис, Ҳаж ва Умра мавсумларида диёримиз зиёратчиларини кузатиш ва кутиб олиш ишларини ташкил этиш, шу жумладан зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига бориши, у ерда бўлиши ва у ердан қайтиб келишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади”, – дейилади баёнотда.

Қўмитанинг маълум қилишича, Саудия қонунчилигида ҳам Ҳаж сафари дунё давлатларининг ваколатли ташкилотлари ва қиролликнинг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Мазкур келишувлар асосида ташкил этилмаган Ҳаж зиёратига уриниш ушбу улуғ амалнинг энг муҳим рукнлари бўлмиш Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ибодат қилиш имкониятини бермайди.

“Саудия Арабистони ҳудудида Ҳаж тартибларини бузиш эса ушбу мамлакат қонунчилиги асосида чора кўрилишига олиб келади. Шу боис, Ҳаж тадбирини ташкил этиш вазифаси сайёҳлик фирмаси ёки турагентликлар ваколатига кирмайди. Мазкурлар томонидан ҳаж ибодатини ташкил этишга уриниш эса амалдаги қонун ҳужжатларига зиддир”, дея эслатган диний қўмита.

Дин ишлари бўйича қўмита алдовларга учмасдан, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган сафарни адо этишни тавсия қилган.

Шунингдек, қўмита фуқароларни Ҳажга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш Саудия Арабистонидан депорт қилиш, қироллик ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100 минг саудия риёли (26 минг доллар) миқдорида жарима солишга олиб келиши ҳақида огоҳлантирган.

Мавзуга оид