Синоптиклар май ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди
Май ойи - баҳор фаслининг охирги ойи. Май ойида ҳаво ҳароратининг барқарор ўсиши давом этади. Иқлим хусусиятларига кўра (кўп йиллик давр учун ўртача қийматлар), май одатда ҳаво илиқ бўлади, апрель ойига нисбатан ўртача +4...+6 даражага илиқроқдир.
Ҳудуднинг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида ўртача кундузги ҳарорат +24...+27 даражани, иккинчи ярмида эса +28...+31 даражани ташкил этади. Май ойида ёз фаслидаги каби ҳарорат +35...+37 даражагача бўлган иссиқ кунлар ҳам кузатилади. Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун май ойининг мутлақ максимуми +39...+41 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +43...+45 даражани ташкил этади.
"Ўзгидромет" хабарига кўра, ушбу йилда май қуруқ ва илиқ об-ҳаво билан бошланади.
1 май куни ҳаво ҳарорати +30...+33 даража атрофида бўлади. Сўнгра, ҳафта давомида ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва кундузи +23...+28 даражани ташкил этади, ўн кунликнинг энг охирида эса ҳарорат яна кўтарила бошлайди. Кейинчалик май ойининг охиригача ҳарорат кечалари +10...+13 даражадан +17...+20 даражагача, кундуз кунлари +22...+25 даражадан +32...+35 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
1 майдан 10 майгача асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 4 май куни шимоли-ғарбий ҳудудларда, 6-7 май кунлари республиканинг қолган ҳудудларида асосан жадаллиги бироз бўлган момақалдироқли қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин. Умуман олганда, май ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.