Жаҳон | 14:45 / 03.05.2023
6620
2 дақиқада ўқилади

Техасда беш кишини ўлдирганликда гумон қилинаётган шахс ушланди

Полиция Ҳюстон яқинида 29 апрелга ўтар кечаси боғда ўқ узишни тўхтатишни сўраган беш қўшнисини отиб ўлдирган 38 ёшли гумонланувчининг қўлга олинганини маълум қилди.

Франциско О / Фото: Монтгомери округи

Техасда бир неча кун олдин содир бўлган беш кишининг ўлдирилишидан сўнг полиция жиноятчини қўлга олди. 2 май, сешанба куни кечқурун Сан-Хаксинто округи шерифи Грег Каперс журналистларга келиб чиқиши мексикалик бўлган эркак ушланганини айтди.

Юзлаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қидирилган 38 ёшли гумонланувчи Ҳюстон шимолида қўлга олинган, у кийим шкафида яширинган. ФҚБ ходими Жимми Пол сўзларига кўра, улар телефон қўнғироғидан сўнг гумонланувчини қўлга олишга муваффақ бўлишган. Монтгомери округи маъмурлари, ўз навбатида, гумондор ҳудудда қўлга олинганини, жараён бошқа ҳеч қандай ҳодисаларсиз содир бўлганлигини маълум қилди.

Фожиа Кливленд чеккасида 28 апрелдан 29 апрелга ўтар кечаси содир бўлган. Хабар қилинишича, қўшнилар ўз ҳовлисида AR-15 ярим автоматик милтиғидан ўқ узган эркакдан уйқуларини бузгани учун шовқин қилишни тўхтатишни сўрашган. Шундан сўнг у уларнинг уйига бостириб кириб, уй ичида отишма бошлаган. Натижада у беш кишини, жумладан саккиз ёшли болани отиб ташлаган. Хабар қилинишича, ҳужум қурбони ҳондураслик оила бўлиб, энг ёши каттаси 31 ёшда бўлган, барча қурбонларнинг бошига ўқ узилган. Ҳаммаси бўлиб уйда 10 киши бўлган, бироқ қолган беш киши жабрланмаган.

Полиция ҳужумчининг шахсини аниқлаганини айтди. Тахминларга кўра, у 38 ёшли Франциско О. Шериф сўзларига кўра, эркак спиртли ичимликлар ёки гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган ва ҳали ҳам қуролланган бўлиши мумкин. Жиноятчининг қидирув радиуси 10 милядан 20 милягача (16 кмдан 32 кмгача) кенгайтирилди. Қидирувлар учувчисиз учиш аппаратлари ва махсус ўқитилган итлар ёрдамида ўтказилди. CNN маълумотларига кўра, гумонланувчи 2009 йилдан бери камида тўрт марта АҚШдан депортация қилинган.

Мавзуга оид