Россия регионларида — кучли ўрмон ёнғинлари. Юзлаб уйлар вайрон бўлган, қурбонлар бор
Курган областида олти киши ҳалок бўлган. Губернаторлар фавқулодда ҳолат режими эълон қилмоқда.
Свердловск области
Регионал расмийларнинг маълумотларига кўра, 8 май ҳолатига регионда 54 157 гектар ўрмон ёнғин ичида қолган — ҳудудда 64 ўчоғи сақланиб қолмоқда, шундан фақат 16 тасида вазият назоратга олинган. Тунда ёнғинлар майдони 21 минг гектарга ортган. Назоратга олинган энг йирик ёнғин ўчоғи — Горноуралский шаҳар округида бўлиб, унинг майдони 700 гектарни ташкил этади. E1.ru ва 66.ru манбалари локаллашмаган йирик ёнғин ўчоқлари рўйхатини келтирган:
- Асбест — 6500 гектарни қамраб олган учта ёнғин ўчоғи;
- Реж — 6260 гектарни қамраб олган иккита ёнғин ўчоғи;
- Тугулим — 5278 гектарни қамраб олган учта ёнғин ўчоғи;
- Верхняя Пишма — 4000 гектар майдондаги ёнғинлар;
- Байкаловский райони — 3344 гектар майдондаги битта ёнғин ўчоғи;
- Ирбитский райони — 3844 гектар майдондаги иккита ёнғин ўчоғи.
Ёнғинни ўчириш ишларига қарийб беш минг мутахассислар ва бир неча минг кўнгиллилар жалб этилган. 66.ru нашри ёзишича, сўнгги икки кунда табиий офат ҳудудидан 1241 киши хавфсиз жойларга кўчирилган.
7 май куни кечқурун ЙҲХББ ёнғинлар туфайли Екатеринбург — Курган трассаси ёпиб қўйилгани ҳақида хабар берди.
E1.ru Верхотурка қишлоғида олинган видеони эълон қилган. Бу қишлоқда яшовчи оила уларнинг уйига ёнғин яқинлашаётганидан хабар топгач, уйдан ҳужжатларни олиш учун қайтиб борган. У ерда эса улар уйлардан фақат култепалар қолгани устидан чиқишган.
7 май куни ФВВнинг ҳудудий бошқармаси чиқарган пресс-релизда айтилишича, областда ёнғин билан боғлиқ вазият «барқарорлашмоқда»: «Средний Уралдаги ёнғинларни ўчиришда барча иштирокчиларнинг яхши мувофиқлаштирилган ва машаққатли меҳнати туфайли ёнғин аҳоли яшаш манзилларига тарқалиши хавфини бартараф этиш мумкин бўлди».
Расмийларнинг сўзларига кўра, ёнғин юзага келишига олов билан эҳтиётсизлик сабаб бўлган бўлиши мумкин, иссиқ ҳаво ва кучли шамол эса уларнинг тез тарқалишига ҳисса қўшган. 7 май куни Свердловск области табиий ресурслар вазирлиги Егоршинск, Березовск ва Тугулим ўрмон хўжаликларида ўт қўйилган бўлиши мумкинлигини хабар қилган. Свердловск губернатори Евгений Куйвашевнинг маъмуриятига алоқадор «Не для протокола» телеграм-каналида эълон қилинган ҳужжатдан ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Шу билан бирга, Ura.ru нашрининг кучишлатар тузилмалардаги манбаси қасддан ўт қўйилгани ҳақидаги версияга ҳеч қандай далил йўқлигини маълум қилган.
Курган области
Курган области губернатори Вадим Шумков 7 май куни бутун регион ҳудудида фавқулодда ҳолат режими эълон қилди. ФВВдан хабар қилишларича, ёнғинлар туфайли Белий Яр, Редикино, Плоская, Сладкокарасинское қишлоқлари, Топол микрорайони, Увал ва Смолино посёлкалари аҳолиси эвакуация қилинган.
ТАСС фавқулодда хизматларга таянган ҳолда ёзишича, сўнгги бир неча кун ичида регионда 60 та табиий ёнғин рўйхатга олинган, шундан 13 таси йирик ёнғинлар ҳисобланади. Уларнинг умумий майдони 11 минг гектарни ташкил этади. 300 дан ортиқ турар жойлар ва 3900 га яқин бошқа қурилишлар вайрон бўлган.
Ёнғинлар оқибатида олти киши ҳалок бўлиб, 14 киши жабрланган. Уларнинг аксарига куйиш ташхиси қўйилган. Тергов қўмитаси вазифага совуққонлик билан қараш бўйича жиноий иш очган.
Курган областига учиб келган ФВВ раҳбари Александр Куренков 8 май тонгида региондаги ёнғинларнинг аксар қисми назоратга олингани ҳақида хабар берди.
Регион раҳбари Вадим Шумков ёнғинлар билан боғлиқ вазиятни «жуда мураккаб» деб атади.
«Кеча, соат 15 дан кейин шаҳар чеккалари бир вақтнинг ўзида бир неча томондан ёна бошлади. Нисбатан энг оғир вазият Тюнин шоссеси бўйларида юзага келган. Баъзи жойларда баландлиги 10 метрдан ошадиган олов гирдоби бир неча соат давомида шоссенинг икки томонини айланиб чиқди, бу ҳудудларда турар жойлар ва ташландиқ уйлар жойлашган ўнлаб боғлар, шунингдек Смолино микрорайони бор эди», — дея ёзган у ўз телеграм-каналида.
Шумков ёнғин оқибатида мол-мулкини йўқотганларга 10 минг рублдан, мулклари тўлиқ ёниб кетганларга — 50 минг рублдан тўлаб берилишини маълум қилди. 8 май куни губернатор ва ФВВ раҳбари региондаги вазият ҳақида РФ президенти Владимир Путинга ҳисобот берган, у ёнғиндан жабрланганларнинг барчасига ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.
Тюмен области
Тюмен областида ёнғинлар 4 майдан буён давом этмоқда. Нисбатан энг оғир вазият Тюмен районида юзага келган, бу ерда Успенск, Салаирка, Богандинка ва бошқа посёлкаларда ўнлаб уйлар яксон бўлган.
ФВВ регионал бошқармаси хабар қилишича, 8 май ҳолатига област ҳудудида 12 та ўрмон ёнғинлари давом этаётганди, шундан саккизтаси бир кун олдин бошланган. Ёнғинларнинг умумий майдони — 1170 гектарни ташкил этади. Вазият иссиқ ва шиддатли шамол туфайли оғирлашмоқда, унинг тезлиги сониясига 23 метрга етган. Тюменликлар куйинди ҳиди ва тутун ҳақида хабар беришган.
Красний Яр қишлоғи атрофида ёнғинни ўчириш ишлари чоғида маҳаллий аҳоли вакили бўлган 49 ёшли киши ҳалок бўлган. Яна икки киши жароҳатланган.
Тюмен губернатори Александр Моор 7 май куни бутун област ҳудудида фавқулодда ҳолат режими жорий этди. «Афсуски, олов аҳоли турар жойларига, бизнинг аҳоли яшаш манзилларимизга ҳам етиб келмоқда. Кўриб турибмизки, кўп ҳолатларда ўт олиш сабаблари ҳамон ўт қўйиш, инсон омили бўлиб қолмоқда, қаерлардадир гулхан ёқилиб, олов билан эҳтиётсиз муносабатда бўлинган», — деган у.
Омск области
8 май куни регион раҳбари Виталий Хоценко ўрмон ёнғинлари туфайли област ҳудудида фавқулодда вазият режими жорий этди. Омск смог ичида қолган, шаҳар аҳолиси куйинди ҳидидан шикоят қилмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг Тюмен области бўйича бошқармаси Тюмен — Омск федерал трассасида ФВ амал қила бошлаган Богадинский посёлкаси ҳудудида транспорт ҳаракати чеклангани тўғрисида хабар берган.
Мавзуга оид
23:36 / 11.10.2024
Ўрмон ёнғинлари Перу экотизими ва ёввойи табиатини яксон қилмоқда
23:08 / 21.09.2024
Бразилиядаги қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари бутун дунёда қаҳва нархининг ошишига олиб келмоқда
23:46 / 18.09.2024
Португалияда ўрмон ёнғинлари туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди
23:33 / 16.09.2024