Жаҳон | 21:24 / 12.05.2023
10637
2 дақиқада ўқилади

Украина урушда вайрон бўлган уйларни тиклаш дастурини ишга туширди 

Қурилиш материаллари ёки таъмирлаш хизматларига буюртма бериш учун фуқаролар 200 минг гривнагача олиши мумкин. 

Фото: УНИАН

10 май куни Украинада уруш оқибатида вайрон бўлган уйларни тиклашга кўмаклашувчи «єВідновлення» дастури ишга туширилди. 

Фуқаролар «Дия» мобил иловаси орқали ариза топшириши ва қурилиш материаллари ёки таъмирлаш хизматларига буюртма бериш учун 200 минг гривнагача (тахминан 61 млн сўм) моддий ёрдам олиши мумкин.  

Қайд қилинишича, аввало, Россия қуролли тажовузи, ҳарбий ҳаракатлар, террористик ҳаракатлар, саботаж оқибатида унчалик катта зарар кўрмаган уй-жой (квартира, хусусий уй, бошқа турар-жой бинолари) мулкдорлари ёки шериклари бўлган барча фуқаролар ёрдам олади. Дастлабки 2 кун давомида дастурга 5 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. 

Украина президенти Володимир Зеленский дастурни олқишлаб, нафақат уйи бузилганлар, балки вайрон бўлган уй-жойларини мустақил равишда тиклаб олганларга ҳам ёрдам берилиши кераклигини таъкидлади. 

«Ёрдамда тенглик тамойили жуда муҳим ва тегишли алгоритм керак. Кейинги қадам - йўқотилган уй-жой учун компенсация. Бу ҳам амалга ошади», деб қўшимча қилди Украина раҳбари.

Бош вазир Денис Шмигал бу дастур орқали Украинани тиклаш тез ва самарали амалга ошишини таъкидлади. Шунингдек, ҳукумат ўз кучи билан уй-жойларини тиклаб олганларга ҳам ёрдам кўрсатиш устида ишлаётганини айтди. 

Мавзуга оид