Ўзбекистон | 11:07 / 13.05.2023
36176
10 дақиқада ўқилади

“Ўз қизимнинг қотилига айланишим мумкин эди” – пушаймон ота ҳикояси

“Ўчир овозингни, келин бўлганидан кейин чидайди-да”, дедим. Етти йил кутишди, фарзанд бўлмади. Қизимни юки билан йиғиштириб ташлаб кетишди. Маҳалла-кўй, ошна-оғайни ичида бошимни кўтаролмай қолдим. Қизи қайтиб келибди, деган сўз мен учун катта иснод эди. Кунда ичиб келиб қизимни олдимга турғизиб қўйиб уришардим”

Фото: Kun.uz

Ота-оналар фарзандининг ҳаётига ҳам ўзини жавобгар ҳис қилади. Улар учун неки қарор қабул қилишса, фойдасини ўйлашади. Лекин баъзида фарзандидан ҳам фикр сўраш кераклиги, унинг мустақил ва алоҳида шахслиги ёдларидан кўтарилади. Ҳар доим ҳам ота-онанинг қарори фарзанд учун хайрли бўлмаслиги мумкин. Бугунги қаҳрамонимиз онасининг қароридан жабр кўрган, бироқ бундан тўғри хулоса чиқармай, ўзи ҳам худди шундай хатони такрорлаган. Хатонинг оқибати эса фожиа билан тугаши мумкин эди. Хижолат бўлиб гап бошлаган Шокир ака (исми ўзгартирилган) ҳаётини шундай ҳикоя қилиб берди:

“Оилада катта фарзанд эдим. Онам орзу-ҳавасни яхши кўрадиган, латта-путтага ўч аёл эди (ер бориб айтмасин). Ўзимиздан анча бой, узоқроқ қариндошлиги бор оиланинг қизини келин қилди. Келиннинг сепи уйимизни тўлдирди.

Ўша вақтда янги чиққан нима бўлса, уйимизда ҳаммасидан топиш мумкин эди. Мебель дейсизми, гилам дейсизми, хуллас, мен, куёв бўлмиш ҳақида гапирмай қўя қолай, ҳатто ота-онам, ука-сингилларимга ҳам бошдан-оёқ сарпо қилишди.

Бундай дабдабанинг сабабини чимилдиқда билдим. Келин “алданган” экан. Кўзимга дунёлар тор кўриниб кетди. Жўраларим орасида керилиб юрадиган, гапини бермайдиган боламан. Кимдандир қолган қизни умр йўлдош қилишни ўзимга ор билдим.

Чимилдиқдан додлаб чиқдим. Қуритинг, мен бир кун ҳам хотин қилмайман буни, дедим. Онам нима гаплигини билганидан сўнг ҳам мени тинчлантиришга уринди. Шунча мол-дунё ахир, бечора ҳам нима қилсин, алданган-да, эсингни йиғ. Мени шарманда қилма, деб туриб олди.

Мол-дунё менинг ҳаётимданам устун экани юрагимни баттар ўртаб юборди. Уйдан бош олиб чиқиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Лекин ота-онам, аниқроғи онамнинг чизган чизиғидан чиқмай катта бўлган эдим. Ўз сўзимни ўтказолмадим.

Келиннинг отаси дўкон мудири эди. Янги мустақиллик даврлари — дўкон мудирлари “қутуриб” кетган вақтлар. Мени ҳам ишга жойлаб қўймоқчи бўлди. Хотинимнинг олдига кирмасдим, юзига қарамасдим. Отаси таклиф қилган ишни ҳам рад этдим. Кунларим азобда ўтарди.

Ичадиган одат чиқардим. Уйда ҳам нима қилади, деб онам келинини ишга чиқариб юборди. Аста-секин тақдиримга кўна бошладим. Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Бу ҳам бир синовдир, деб онамнинг кунда айтадиган гаплари таъсир қилдими, унга раҳмим кела бошлади.

Чимилдиқдаги сирни ичимга ютиб яшайвердим. Бу орада хотиним ҳомиладор бўлди. Мазаси қочиб шифохонага тушди. Юк машинасида қурилиш моллари ташлардим. Кун бўйи ишда бўлиб, кечқурун уни кўргани шифохонага борардим.

Бир куни айтилган юк келмай қолиб, ишимиз эртароқ тугади. Шифохонага ҳар доимгидан анча эрта бордим. Шундоқ шифохонанинг орқа ҳовлисида хотиним ишлайдиган дўкон олдида турадиган машинага кўзим тушди. Ичимда ғашлик сезиб, машинага яқин келдим.

Негадир ичимда бир нарса машинанинг ичига қарашга ундарди. Унга яқинлашган эдим ҳамки хотиним машинанинг ичидан ўқдек отилиб чиқди. Тошдек қотдим. Нима қилишни, нима дейишни билмасдим. Машинанинг эгаси мингга қўйиб ҳайдаб кетди. Мен сўппайиб туриб қолдим.

Ҳеч нарсага ҳолим қолмаган, хотинимга нисбатан кўнглимда уйғонаётган нимадирлар чилпарчин бўлган, унга имкон берганим, кечирганим, ишонганим учун ўзимни кечиролмасдим.

Буларни эслаш, бу гапларни гапиришнинг ўзи — мен учун ўлим.

Бу сафар онам ҳеч нарса деёлмади. Ажрашдик. Келиннинг сепини йиғиштириб кетишди. Онамнинг кўзини қувнатган ўша нарсалар на менга, на уларнинг ўзларига бахт берди.

Ёши мендан бир-икки ёш катта, халқ тилида айтганда “ўтириб қолган” қизга уйландим. Уни ҳам онам топди. Ўзимиздек ўртамиёна ҳаёт кечиришар, сепи ҳам дабдабали эмасди. Аммо мен бу сафар уйланиш нима эканини, ҳаловат қандай бўлишини ҳис қилдим.

Эркак киши учун аёлининг кўз очиб кўргани бўлишдан ортиқроқ бахт йўқ экан аслида. Рўзғоримизга барака кирди. Бирин-кетин фарзандли бўлдик. Қизларимни яхши кўрсам-да, биринчи хотиндан куйганим учун уларнинг тарбиясига қаттиқ турардим.

Нимадир бўлишидан қўрқардим. Кўчага чиқиши, мактабга бориб-келиши ҳаммаси назоратим остида бўлган. Катта қизим мактабни тамомлаб ўқишга кирмоқчилигини айтди. “Қиз болага нима бор ўқиб, шаҳар олиб берармидинг, уйда ўтир”, деб рухсат бермадим.

Анча кўзга яқин бўлгани учун алданиб қолишидан, кимдир бошини айлантиришидан қўрқдим. Дарвозамни тақиллатиб келган биринчи совчиларга розилик бериб юбордим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, қизим онасига “ўқимоқчи эдим, ҳали ёш бўлсам, дадам бунча шошдилар”, деб йиғлаб гапирган гапларини эшик ортидан туриб эшитиб қолдим. Қаттиққўллигим сабаб ўзимга ҳеч нарса деёлмади.

Тўй бўлиб ўтди. Бошида ҳаммаси яхши эди. Фарзандли бўлишавермагач қайнонаси тўнини тескари кийди. Қизим ҳам ич-этини ерди. Гарчи менга айтмаса-да, буни кўзлари айтиб турарди. Лекин ўша вақтда қизимнинг кўзларидагини уқишга қодир эмас эдим.

Ҳеч юзимга тик қарамаган аёлим бир кун “ёрилди”: “Сиз шошдингиз. Ҳали бола эди. Ўқитсак, ҳунарли қилсак бўларди. Кун бўйи қайнонасининг қош-қовоғига қараб ўтиришнинг ўзи бўладими? Ишлаганда ўзи ҳам чалғирди.

Кўринмаган докторлари қолмади, худодан-да бу ёғи. Қудангиз ҳам тушунмайдиган экан. Бечора қизимни эзаверади. Кет, ўғлимга туғадиган хотин олиб бераман, деб кун бермаяпти экан”, деди.

“Ўчир овозингни, келин бўлганидан кейин чидайди-да”, дедим. Етти йил кутишди, фарзанд бўлмади. Қизимни юки билан йиғиштириб ташлаб кетишди. Анча асабий бўлиб қолган, сал нарсага йиғлайверади.

Маҳалла-кўй, ошна-оғайни ичида бошимни кўтаролмай қолдим. Қизи қайтиб келибди, деган сўз мен учун катта иснод эди. Кунда ичиб келиб қизимни олдимга турғизиб қўйиб уришардим. Уни айби нима? Шундай бўлсин дебдими, деган ўй хаёлимга ҳам келмасди.

Шундай қилиб қизим шифохонага тушиб қолди. Кўп сиқилиш натижаси, дейишибди шифокорлар. Қизим оёққа туриб, уйга қайтди. Уни даволаган шифокор йигит совчи бўлиб келди. Қизимни ёқтириб қолганини, рози бўлсам бахтли қилишини айтди.

Чеккароқ тумандан бўлган бу йигит ўқиши сабаб уйланмаган экан. Ҳали гул йигит экансиз ўғлим. Қизимнинг йўриғи бошқа, дедим. Йигит қарори қатъийлигини, уни бахтли қилишини айтиб сўз берди. Шундай қилиб уни яна узатдим. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.

Тўй йигитнинг қишлоғида бўлди. Бир муддатдан сўнг куёв қизимизни онасига хизмат қилиш учун қолдириб, ўзи ишига қайтганини эшитдик. Ярим йиллардан сўнг қуда томондан қизингиз ўз жонига қасд қилди, шифохонада ётибди, олиб кетинглар, деган хабар келди.

Маълум бўлишича, куёвнинг синглиси қизимизга сен акамнинг тенги эмассан, деб кун бермас экан. У қилган овқатни ейишмас экан. Сенинг қўлингдан овқат емаймиз, сен фақат итларга овқат қилишга лойиқсан, деб кучук-мушукларига овқат қилдиртирар экан.

Куёв ҳам мардлик қилиб олганига яраша олдида туриб бермабди. Иш баҳона ҳафтада бир уйга бориб келиб юраверибди. Уйга қайтса отасининг, яъни менинг ҳолимни билади. Нима қилишини билмай дори ичибди.

Ўз уйига ҳам, эрининг уйига ҳам сиғмаган қизим нариги дунёга кетишга қарор қилибди. Жонлантириш бўлимида узоқ ётди. На куёв, на унинг уйдагилари хабар олди.

Қизимга нисбатан адолатсизлик қилганим, ҳар иккала турмушига узатишда ҳам ундан бир оғиз кўнгил сўрамаганим, ўқишига рухсат бермаганлигим — айбим шунда ҳам кўзимга кўринмаганди.

Аёлимнинг аччиқ устида айтган гаплари кўзларимни очди. “Жоҳилият даврида қиз фарзандларни тириклайин кўмишган экан. Сиз ундан ҳам баттар қилдингиз. Болалигидан измингиздан чиқмай ўсди. Нима десангиз қилди. Касбли бўлишига, ўқишига йўл қўймадангиз, тезроқ эрга беришга шошилдингиз.

Мен сиздан ўтиб ҳеч нарса қила олмадим. Бировга қарам бўладиган қилиб узатвордингиз. Агар қизимизнинг жамиятда ўз ўрни бўлганида эди, ҳар иккала оиласида ҳам бунчалик хор бўлмасди. Уйга қайтиб келганида ҳам кун бермадингиз. Ўзи истаб ёки ҳавасга қайтиб келгани йўқ эди. Сиздан қўрққанидан ҳам ўша хонадонда етти йил чидаб яшаганди.

Агар қизимга бир нима бўлса...” яна нималардир деди хотиним. Бироқ бошқа гапи қулоғимга кирмади. Қизимнинг ҳам одам эканлиги, унинг ҳам истаклари борлиги, уни йўқотиб қўйишим мумкинлигини шунда ҳис қилдим...

Илк бор қизимдан кечирим сўрадим. Пешонасидан ўпдим. Йиллар, тақдир синовлари мени қанчалар бағритош қилиб қўйган экан. Ҳозир яна бағримизда. Ўқишга киришга тайёргарлик кўряпти. Ўйлаганимдек ҳеч ким мени қўли билан бигиз қилиб кўрсатмаяпти. Давраларда уялтирмаяпти.

Аксинча, яхши қилибсизлар олиб келиб, ўлиб қолмаганига шукур қилинг, дейишяпти. Сал қолса қизимнинг ўлимига сабабчи бўлардим. Унинг қотилига айланардим, деб ўйлайман баъзида. Уни тушуниб қўлламаганим, керак вақтида далда бўла олмаганим сабаб ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган”, дея кўзидаги ёшини артиб ҳикоясини якунлади Шокир ака.

Чарос Маннонова ёзиб олди.   

Мавзуга оид