Жаҳон | 10:01 / 14.05.2023
30839
4 дақиқада ўқилади

Брянск областидаги авиаҳалокатлар. Асосий версиялар

Икки вертолёт ва икки самолёт қулаган бўлиши ҳам мумкин. Расмийлар ҳеч қандай изоҳ бермаяпти — интернетда эса турли версиялар пайдо бўлмоқда.

Фото: Видеодан кадр

13 май куни Россиянинг Брянск области губернатори Александр Богомаз Клинци шаҳри ҳудудида вертолёт ҳалокатга учрагани тўғрисида маълумот берди. ТАСС фавқулодда хизматлардаги манбаларига таянган ҳолда хабар беришича, гап Ми-8 ҳақида бормоқда. Агентликнинг қўшимча қилишича, Брянск областида Су-34 бомбардимончи самолёти ҳам ерга қулаган.

Кейинроқ телеграм-каналларда Брянск вилояти осмонида жами иккита вертолёт ва иккита самолёт қулагани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди. Mash хабарига кўра, уларнинг экипажининг барча аъзолари – тўққиз киши ҳалок бўлган.

Тўртта аппарат ҳам қулагани тўғрисидаги маълумот расман тасдиқланмаган. Аммо агар бу ҳақиқат бўлиб чиқса, Украина билан кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россия авиациясининг энг катта кунлик йўқотишларидан бири бўлади. 

Россия ва Украинадаги телеграм-каналлар вертолётлар ва самолётлар ҳалокати сабаблари бўйича бир неча версияларни илгари сурмоқда.

Диверсантлар версияси

Россия махсус хизматларига алоқадор ҳисобланган Mash ва Baza телеграм-каналлари Брянск областида диверсантлар қидирилаётганини ҳақида ёзди. Readovka манбаси маълумотига кўра, улар Россия ҳудудида туриб самолётлар ва вертолётларга қарата кўчма зенит-ракета тизимларидан ракета учирган бўлиши мумкин. 

Аммо бу версияда ёпишмайдиган жиҳат бор: видеолардан бирида вертолётга йирик ракета келиб урилганини кўриш мумкин, унинг ҳажми кўчма комплекслар ракеталариникидан анча каттароқ. Бундан ташқари, вертолётнинг ерга тушган парраги суратларида қолган излар кўчма комплекс ракетасиникига ўхшамайди.

Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тўғрисидаги версия

Украина телеграм-каналлари самолётлар ва вертолётлар Россия ҳаво мудофааси кучлари томонидан «уриб туширилгани» ҳақидаги версияни илгари суришди. 

Аммо бу версия ҳам шубҳали кўринади: Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бир самолёт ёки вертолётни эмас, Брянск областининг турли ҳудудларида юқори баландликда ҳаракатланган бутун бир авиагуруҳни тўғри аниқлай олмаслигини тасаввур қилиш қийин.

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тўғрисидаги версия

Самолёт ва вертолётлар Украина ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани ҳақидаги версия ҳам муҳокама қилинмоқда. Вертолёт қулаган жойдан чегарагача бўлган масофа деярли 50 километрни ташкил қилади. Бу шуни англатадики, Украина қуролли кучлари Patriot, NASAMS ёки С-300 тизимлари орқали ўқ узган бўлиши мумкин. 

Лекин шубҳали жиҳати шундаки, Украина ҚК бу ҳолатда қимматбаҳо ва тақчил бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жиддий хавф остига қўйган бўларди: чегара яқинида уларни турли разведка воситалари билан осонгина пайқаш ва аниқ нишонга олиш мумкин  эди.

Украина авиацияси тўғрисидаги версия

Россия мудофаа вазирлигига алоқадор бўлган «Рыбарь» телеграм-каналига самолётлар Полтава областидаги Миргород аэродромидан ҳавога кўтарилган Украина самолётлари томонидан уриб туширилгани ҳақидаги версияни илгари сурди. Украина авиациясида бундай катта масофадаги нишонга аниқ зарба бера олувчи ракеталар йўқлиги факти канал муаллифларини бу фикрдан қайтара олмайди: уларнинг тахминига кўра, Полша берган МиГ-29 самолётлари Америка томонидан эълон қилинмасдан етказиб берилган AIM-120 ўрта масофали ракеталари билан зарба йўллаган бўлиши мумкин. Полшаликлар самолётлари 70 километргача узоқликдаги нишонларга зарба бера оладиган AIM-120 ракеталарини қўллаш учун такомиллаштирилган.

Расмий версия (ҳозирча йўқ)

Россия мудофаа вазирлиги Брянск областидаги ҳалокат (ёки ҳалокатлар) юзасидан ҳозирча изоҳ бермади. Украина расмийлари ҳам содир бўлган воқеага муносабат билдирмади. Ҳозирча ягона расмий изоҳ Брянск области губернатори Александр Богомаз томонидан берилган. Аммо у фақат Клинцида вертолёт ҳалокатга учраганини тасдиқлади, бироқ, унинг сабаблари ҳақида ҳеч нарса айтмади.

Мавзуга оид