Президент ЖСТга аъзолик ҳақида: “Бу йил салмоқли натижаларга эришамиз, деб ишонаман”
Шавкат Мирзиёев ЕТТБнинг Самарқанд конференциясидаги нутқида Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлида бу йил катта натижаларга эришилишига ишонч билдирди. Президент, шунингдек, “бюрократияни қисқартириш ва коррупцияни таг-томири билан йўқ қилиш” доим диққат марказида туришини айтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Европа Тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчиларининг Самарқанд шаҳрида ўтган йиллик конференциясида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ўз сўзида учта йўналишдаги устувор қадамларга тўхталди.
“Биринчи. Мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторларга янада қулай шароитлар яратишни яхлит тизим асосида амалга оширамиз.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши чет эллик сармоядорлар билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиб, ўзаро манф́аатли лойиҳалар ва узоқ муддатли стратегияларни биргаликда ишлаб чиқишда ҳал қилувчи бўғин бўлади.
Ҳеч шубҳасиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан бирга ташкил этилган ушбу мулоқот платформаси биз учун янги тажрибалар орттиришга хизмат қилади ва қўшимча имкониятлар яратади, ислоҳотлар жараёнида замонавий ёндашувларни жорий этишга кўмаклашади.
Инвесторлар қаерда бўлмасин, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ташкил этилган “ягона дарча” орқали – 14 та ҳудуд, 208 та туман ва шаҳарда ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги барча дипломатик ваколатхоналарида уларга зарур кўмак ва хизматлар кўрсатилади.
Шунингдек, йил якунигача халқаро экспертлар билан ҳамкорликда тарихимизда илк бор Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилади.
Иккинчи. Биз товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат бозорларини янада эркинлаштириш сиёсатини жадал давом эттирамиз. Жумладан, дунёдаги ишлаб чиқариш занжирларига қўшилиш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун катта қадамлар ташладик. Ушбу йўналишда бу йил салмоқли натижаларга эришамиз, деб ишонаман.
Учинчи. Ортиқча бюрократияни қисқартириш ва коррупцияни таг-томири билан йўқ қилиш бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг диққат марказида бўлади.
Бу борада бошланган маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириб, инсон ва бизнесга кўмаклашадиган, уларга сифатли хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимини жорий этамиз”, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни қўллаб келаётган ЕТТБ раҳбарияти, хусусан, банк президенти Рeно-Бассо хонимга, банкка аъзо давлатлар ҳукуматлари ва бошқарувчиларига, банк билан ҳамкор ташкилотлар ва инвесторларга, биз билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошираётган барча банк ходимларига миннатдорчилик билдирди.
Мавзуга оид
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
12:39 / 01.11.2024
Кичик ГЭСлар “саноат ипотекаси” асосида тадбиркорларга берилади
12:38 / 01.11.2024
Ўзбекистонда геология соҳасида янги тизим жорий этилади
12:16 / 01.11.2024