Жаҳон | 16:00 / 24.05.2023
7645
2 дақиқада ўқилади

Германия 55 нафар россияликка урушга боришдан бош тортгани учун бошпана берди

Россия Федерациясидан бўлган, урушга боришдан бош тортган фуқаролар Германиядан бошпана сўраб 2500 га яқин ариза топширган, улардан 55 таси маъқулланган, аксарияти ҳали кўриб чиқилмаган.

Германияда урушда қатнашишдан бош тортгани муносабати билан сиёсий бошпана сўраган россияликларнинг деярли 2500 аризасидан 55 таси маъқулланди. Бу ҳақда 24 май, чоршанба куни RedaktionsNetzwerk Deutschland (RND) нашрлари гуруҳи Германия Ички ишлар вазирлиги жавобига таяниб хабар берди.

Апрел ойининг охирига келиб, Россиянинг чақирув ёшидаги 2485 фуқароси Германиядан бошпана сўраб мурожаат қилган. 814 та иш бўйича қарорлар қабул қилинган: 55 та ариза қаноатлантирилган, 88 таси рад этилган. 671 та ҳолатда "расмий келишув" бўлган. KNA агентлиги тушунтиришича, аризаларни, масалан, Дублин келишуви бўйича қайтариб олиш ушбу тоифага киради. Унга кўра, бундай аризалар Европа Иттифоқига биринчи кирилган давлатлар томонидан кўриб чиқилиши керак.

Яна 1671 та иш ҳалигача кўриб чиқилмоқда. Германия Ички ишлар вазирлигининг жавобида таъкидланганидек, урушда қатнашишни истамаган россиялик қочоқлар ва ҳарбий хизматчилар Германиядан бошпана сўраш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари бу тартиб жуда мураккаб ва унда ижобий қарорлар улуши жуда кичик эканлигини бир неча бор таъкидлаган.

Германия Бундестагининг сўл партиядан бўлган депутати, Ички ишлар вазирлигига сўров юборган Ян Корте бошпана сўраб маъқулланган аризаларнинг камлигини танқид қилди. “100 000 дан ортиқ ҳарбий хизматга чақирув ёшидаги эркаклар Россияни тарк этиб, Путин урушидан воз кечди, лекин улардан атиги 55 нафари Германияда расмий ҳимоя топяпти, бунда нимадир нотўғри кетяпти”, деди у RND'га.

Мавзуга оид