Жамият | 14:44 / 24.05.2023
54176
5 дақиқада ўқилади

«Камбағалликдан чиққанман ва ҳашаматга ўчлик менга бегона» – Сингапурнинг камтар президенти ҳақида

Ҳалима Ёқуб бугунги кунда ўзбекистонликлар диққат марказида. Оддий либосларда, рўмол ўраган, ортиқча пардозларсиз ва майин жилмайиш билан одамларни мафтун этаётган аёлга қараб у бадавлат мамлакатлардан бирининг президенти эканига ҳам ишониш қийин. Айниқса унинг турне доирасида Қозоғистондан Ўзбекистонга одатий рейсда, барча йўловчилар қатори учиб келгани кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ерда муҳим бир жиҳатни унутмаслик лозим: Сингапурда президент мутлақ ҳокимиятга эга эмас. Бошқарувнинг асосий ричаглари бош вазир қўлида ва президент кўпроқ рамзий раҳбар ҳисобланади. Аммо бу Сингапур давлати ўз президентига самолёт олиб беришга қодир эмас, деган маънони англатмайди. Сингапур шу қадар бой давлатки, истаса ҳар бир амалдорига алоҳида самолёт ажратиши мумкин. Лекин президент Ҳалима Ёқубнинг ўзи анъаналарга амал қилади ва ортиқча харажатлардан қочади.

Катта ваколатларга эга бўлмаса-да, президентнинг мамлакатдаги нуфузи жуда юқори. Гарчи иқтисодиёт ва кучишлатар тизимлар фаолиятига бевосита аралашмаса-да, ташқи сиёсат, ички осойишталик, фан, таълим, динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, маданият ва санъат каби йўналишларда унинг ўрни беқиёс. Маълумки Сингапур айнан илм-фан ортидан тараққиётга эришган давлат ҳисобланади.

Сингапур:

  • Аҳолиси: 5,8 млн;
  • Ҳудуди 734,3 км² (жаҳонда 171-ўрин);
  • ЯИМ 400 млрд доллар атрофида;
  • Жон бошига ЯИМ 73 минг доллар атрофида (жаҳонда кучли бешликда);
  • Ишсизлик 1 фоизгача.

Камбағалликдан чиққан президент

Дунёда ночор оилаларда улғайган давлат раҳбарлари кўп. Аммо улар орасида Ҳалима Ёқубнинг ўрни бўлакча. Унинг отаси Ёқуб ҳинд мусулмони бўлиб, қоровуллик қилиб кун кечирган. Онаси эса малай миллатига мансуб аёл бўлган. Қизалоқ 8 ёшлигида отаси юрак хуружидан вафот этади. Қоровуллик ортидан ҳаминқадар ўтиб турган рўзғорларини тебратиш қийин бўлиб қолади.

Онаси беш фарзандини боқиш учун кўчада таом сотиб кун кўра бошлайди. Ҳалима онасига бу ишда кўмаклашади. Ҳалима Ёқуб ўзининг ёшлик йиллари ҳақида шундай дейди: «Ўн ёшимдан бошлаб, мактабдан бўш вақтларимда онамга ёрдамлашишга мажбур бўлганман, столларни артиш, идишларни ювиш, тозалаш, келганларга хизмат кўрсатиш каби ишларни яхши уддалай олганман. Мен ўзим камбағалликда ҳаёт кечирдим, яшаш учун кураш қанчалик қийинлигини жуда яхши биламан ва ҳашаматга ўчлик менга бегона».

Ҳалима Ёқуб хоним дин аҳкомларига тўлиқ риоя қилади ва ўзга дин вакилларига ҳам гўзал муносабат кўрсатади. У ўзининг ёрдамчилари билан ишхонаси ёнидаги масжиднинг аёллар учун ажратилган бўлимда беш вақт намоз ўқийди.

Сиёсат сари қадамлар

Йўқчилик сабаб мактабга боришда қийинчиликларга учраган бўлса-да, қизалоқ ўқишга уқувли чиқади. У фанларни жуда яхши ўзлаштиради ва мактабни имтиёз билан тамомлайди.

Кейин у Сингапур университетига кириб, 1978 йилда ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олади. 47 ёшида, яъни 2001 йилда Сингапур Миллий университетида ҳуқуқ магистри даражасини олади. У 2016 йил 7 июлда бу университетнинг фахрий ҳуқуқ доктори унвонига сазовор бўлди.

Қаҳрамонимиз меҳнат фаолиятини Миллий касаба уюшмалари конгрессида ҳуқуқшунос сифатида бошлаган. Тизимдаги намунали фаолияти ортидан, аёлларни ривожлантириш котибияти ва уюшма юридик хизматларининг турли йўналишлари бўйича директори бўлди. У Халқаро меҳнат ташкилотининг бошқарув органига сайланган биринчи сингапурлик эди.

Ҳалима турли кенгашларда, шу жумладан Сингапур Уй-жой ва тараққиёт кенгаши, Адолатли бандлик амалиётлари бўйича уч томонлама иттифоқ, Аёллар учун бандликни танлаш имкониятларини кенгайтириш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи, Ижтимоий хизматлар миллий кенгаши кабиларда ишлаган.

Илк сиёсий дебюти 2001 йилдаги сайловларга тўғри келди, ўшанда у Журонг региони кенгаши аъзолиги сайланган. Сиёсий фаолияти давомида кейинроқ жамиятни ривожлантириш, ёшлар ва спорт вазири, кейин эса ижтимоий ва оилани ривожлантириш вазири этиб тайинланган.

2013 йилда у Сингапур парламенти спикери бўлган биринчи аёл эди. Тўрт йилдан сўнг, 2017 йил сентябр ойида у Сингапурнинг биринчи аёл президенти бўлди ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамиятдаги бирликни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларни илгари сурди.

Ҳалима Ёқуб ва Ўзбекистон

Сингапурнинг амалдаги президенти жорий йилнинг 23-25 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширмоқда. Бу – Сингапур президентининг Марказий Осиё давлатларига илк ташрифи ҳисобланади.

Бундан аввал, 2023 йил январ ойида, Сингапурга қилган ташрифи чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳалима Ёқубни юртимизга таклиф этган, хоним бу таклифни мамнуният билан қабул қилган эди. Ҳалима Ёқуб Сингапур-Ўзбекистон бизнес форумида иштирок этади. Шунингдек, меҳмон Самарқандга ҳам ташриф буюради.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид