Спорт | 21:59 / 24.05.2023
22663
2 дақиқада ўқилади

Париж-2024 Олимпия машъали Эйфел минорасида ёқилиши мумкин 

Париждаги 2024 йилги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими ташкилотчилари асосий стадион ўрнига Эйфел минорасида машъал ёқишни режалаштирмоқда. 

Фото: Reuters

Ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 2024 йил 26 июль куни, Сена дарёсида театрлаштирилган томоша кўринишида бўлади.

Иштирокчи мамлакатлар делегациялари Аустерлиц виадукидан Иена кўпригигача бўлган 6 километрлик масофани босиб ўтади ва Эйфел минораси қаршисидаги Трокадеро саройида тўхтайди. 

Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар беришича, маросимнинг якуний қисмида шаҳарнинг энг машҳур биноси – Эйфел минорасида машъал ёқиш маросими бўлади. Бироқ ташкилий қўмита бу маълумотни тасдиқлаш ёки рад этишдан бош тортмоқда. 

«Олимпиада ўйинларининг очилиш кунида машъал ёқиладиган жой ҳали аниқланмаган», деди агентликка ташкилий қўмита расмийси. 

Қайд этилишича, Олимпия машъалини Эйфел минораси тепасига техник сабабларга кўра ўрнатиб бўлмайди, чунки у ерда уяли алоқа компаниялари антенналари ва чақмоққа қарши ускуналар бор. Эҳтимол, у минора тепасига яқин жойдаги майдончага жойлаштирилиши мумкин. 

Олимпия машъали Францияга келаси йилнинг 8 май куни Грециядаги Олимп тоғидан етказилади. 9 май куни Марселда Олимпия машъали эстафетаси бошланади, у Париждаги асосий машъалнинг ёқилиши билан якунланади. 

Париж шаҳри 1900 ва 1924 йилларда ёзги Олимпиада ўйинларини қабул қилган. Аммо Эйфелда ҳали Олимпия машъалини ёқиш маросими ўтказилмаган. 

Мавзуга оид