Жаҳон | 15:44 / 25.05.2023
8169
2 дақиқада ўқилади

Украина мудофаа вазирлиги: Украина ҳамон Бахмутнинг бир қисмини назорат қилмоқда

Фото: Reuters

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг тасдиқлашича, Украина қуролли кучлари ҳамон Бахмут шаҳрининг бир қисмини назорат қилмоқда. У бу билан шаҳар тўлиқ эгалланганини даъво қилган РФ мудофаа вазирлиги баёнотини яна бир бор рад этди.

«Бизнинг ҳимоячиларимиз шаҳар жануби-ғарбий қисмидаги «Самолёт» районини назорат қилмоқда», дея ёзган Маляр ўз телеграм-каналида.

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин унинг қўшини Бахмутни эгаллагани ҳақида 20 май куни эълон қилганди. Кейинроқ шунга ўхшаш баёнот Россия мудофаа вазирлиги ва Россия президенти Владимир Путин томонидан ҳам эълон қилинди.

Украина ҳукумати Бахмут учун жанглар давом этаётганини билдирган.

Малярнинг сўзларига кўра, «кун давомида [24 май куни] Бахмут атрофидаги қанотларда жанглар интенсивлиги пасайиши кузатилган». «Шу билан бирга, бизнинг қўшинларимиз бироз илгарилашга муваффақ бўлган», дея тасдиқлайди вазир ўринбосари.

Пригожиннинг Бахмут тўлиқ эгаллангани ҳақидаги баёнотидан олдинроқ украин ҳарбийлари шаҳарни қуршаб олиш учун қанотлардан ҳужум қилишда давом этаётгани хабар қилинганди. Пригожин бу ҳудудларни қўриқлаши керак бўлган Россия мунтазам армияси бўлинмалари қочиб кетаётганини айтганди.

Маляр «душман артиллерия зарбаларига таяниб, мунтазам зарбалар бераётгани»ни айтди.

«Бахмут шаҳрида душманнинг штурм ҳаракатлари камайди. Душман бўлинмаларни алмаштирмоқда», дея ёзганди Маляр.

25 май куни эса Евгений Пригожин ўз жангчиларини Бахмутдан олиб чиқиш бошланганини маълум қилди. Унинг қўшини 1 июнга қадар позицияларини РФ бўлинмаларига топшириб, шаҳарни тўлиқ тарк этади.

Унинг сўзларига кўра, Бахмутдан олиб чиқилганидан «Вагнер» ХҲК бўлинмаларига дам берилади, техникалар таъмирланади, янги жангчиларни ёллаш ишлари олиб борилади, кейин эса «янги вазифаларни бажариш»га киришилади.

Мавзуга оид