Тележурналист Нозима Маҳмудова 31 ёшда вафот этди
“Yoshlar” телеканалининг “Yangi Davr” дастури телебошловчиси, журналист Нозима Маҳмудова вафот этди. Бу ҳақда журналистлар Навбаҳор Каримова ва Дилобар Ёқубова Facebook'даги саҳифаларида хабар беришган.
Нозима Маҳмудова кеча, 26 май куни режали юрак операциясини бошдан кечирган, аммо операциядан омон чиқмаган.
31 ёшда бўлган Маҳмудова Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети инглиз тили филологияси факультетида таҳсил олиб, бакалавр ва магистр дипломини олган.
Журналистикадаги фаолиятини 2013 йилдан бошлаган Н.Маҳмудова ҳозирга қадар «Toshkent», «O‘zbekiston 24», «Sevimli», «Yoshlar» телеканалларида фаолият юритган. Телевидениедаги фаолияти билан бир қаторда у сўнгги пайтда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни рақамлаштириш маркази давлат муассасаси Ахборот-таҳлил мультимедиа бўлими етакчи мутахассиси сифатида ишлаб келган.
Нозима Маҳмудова бир ўғилнинг онаси эди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жамоаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Нозима Маҳмудованинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди.