Спорт | 16:49 / 30.05.2023
24165
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон велосипедчилар терма жамоаси эришган натижалар халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди

Фото: TUTTOBICIWEB.IT

Велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси “UCI ASIA” рейтингида “Under 23” тоифасида 1-ўринни эгаллаб турибди. Бу ҳақида “Tashkent City Professional Cyling Team” тренери Лучиано Каполиккио Италиянинг нуфузли “TUTTOBICIWEB.IT” спорт нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Яқинда Италиянинг нуфузли “TUTTOBICIWEB.IT” спорт нашри “Tashkent City Professional Cyling Team” тренери Лучиано Каполиккио билан бўлиб ўтган суҳбатни эълон қилди.

Каполиккио велоспортчилар томонидан эришилган натижалар, ғалабалар ҳақида гапирар экан, “Ўзбекистон спортчилари бугун “UCI ASIA” Осиё қитъаси рейтингида “Under 23” тоифасида 1-ўринни эгаллаб турганига алоҳида тўхталиб ўтди:

“Ўзбек спортчилари, йигитлари чиндан ҳам меҳнат қилишни ва натижаларга эришишни хоҳлашади. Бу руҳ ва шижоатни мен илгари бирга ишлаган ёш колумбиялик спортчиларда кузатгандим. Афсуски, бу ҳозир Италия ёш спортчилари орасида кам учрайдиган руҳ ва шижоат”,- деди у.

Ўзбекистон велоспорт федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра:

- айни дамда эркаклар терма жамоаси UCI жаҳон рейтингида 34- ўринни, аёллар эса 17-ўринни эгаллаб турибди. Осиё UCI рейтингида эркаклар жамоаси 3-ўринни, аёллар жамоаси 1-ўринни эгаллаб турибди. Бу эса Ўзбекистон терма жамоасининг Париж-2024 учун Квоталар (лицензиялар) олиш бўйича Олимпия ўйинлари рейтинг тизимига киришига асос бўлмоқда.

Италияда Ўзбекистон велоспортчилари терма жамоасининг спорт базаси ташкил этилган ва фаолият юритмоқда. Жамоанинг натижалари халқаро экспертлар ва велоспорт мутахассислари томонидан жуда ижобий баҳоланяпти.

Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Отабек Aкбаровга кўра, терма жамоа 2022 йилнинг биринчи ярмида дунё бўйлаб ўтказилган 25 дан ортиқ халқаро мусобақаларда иштирок этишган:

“Ўзбекистон велоспортчиларининг Италияда профессионал спорт базасини ташкил этилиши хамда миллий терма жамоа аъзолари билан биргаликда “Tashkent City Professional Cyling Team” спортчиларининг Европа пойгаларида қатнашиши юқори спорт натижаларига эришишига хизмат қилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида, ўзбек профессионал велоспортнинг Европада мавжудлиги, хусусан, Италияда борлиги, давлат раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан олдимизга қўйилган кўплаб вазифаларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Булар “UZBEKISTAN” миллий брендини жаҳон “NATIONAL BRAND” рейтингида илгари суриш, мамлакатимизнинг хорижда туризм жозибадорлигини, Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳиятини ошириш, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги халқаро алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш каби масалалардир.

Шу ўринда шуни таъкидлашни истардимки, фақат 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонлик велоспортчилар Aнглия, Франция, Испания, Кипр, Полша, Словения, Эстония, Грецияда ташкил этилган 25 дан ортиқ халқаро UCI рейтинг пойгаларида иштирок этишди ва уларнинг аксарияти Италия Республикасида ўтказилди. Бу ишлар ўз ўзидан юқорида таъкидланган масалалар ечилишининг бир омили сифатида қаралиши лозим”, - дея таъкидлади элчи.