Ўзбекистон | 14:12 / 01.06.2023
17979
6 дақиқада ўқилади

Ногиронлари камситилаётган Иттифоқ ёхуд одамлар қарғиши устига қурилаётган “дом”

Фарғона вилояти Боғдод туманида ногиронлиги бор шахслар ва кам таъминланган оилалар яшайдиган кўп қаватли турар жой мажмуаси пойдевори таги ковлаб ташланиб, унга тақаб яна бир кўп қаватли уй қурилмоқда. Расмийларнинг телба-тескари изоҳлари эса вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кўрсатмоқда. Ачинарлиси, пойдевор қазиш ишлари натижасида айрим хонадон деворлари дарз кетган.

Мурожаатчиларнинг айтишича, 21 майдан бошлаб “Тезкор шинам қурилиш” хусусий корхонаси томонидан шаҳарсозлик меъёрларига зид равишда пойдевор қазиш ишлари бошланган. Қурувчи ўз ишини давом эттириш учун қўлида барча керакли ҳужжатлар борлигини айтиб, аҳолининг хақли эътирозини эътиборсиз қолдирган.

Суриштирув давомида мазкур кўп қаватли уйларда асосан ногирон ва кам таъминланган оилалар истиқомат қилиши маълум бўлди.

Фуқаролардан бири Жаҳонгир Содиқов эътирозларга қарамай қурувчи “дом” пойдевори тагини қазиб ташлагани, аҳолини писанд қилмаётгани ҳақида куюниб гапирди.

Жаҳонгир Содиқов

“Қурилиш бошлаганлар на қарор ва на лойиҳани кўрсатишди. Каттасидан кичигигача бизни писанд қилмайди. Устиларидан арз қилиб туман ҳокимлигига бордим. У ердан Архитектура бошқармасига жўнатишди. Архитектура бошқармасида эса ҳолат ўрганиб чиқилишини айтишди. Лекин асл ҳолат ўрганилмади. Шу вақт мобайнида яшаш биномизнинг пойдевори тагидан тупроқ қазилди. Ёмғир ёғса ёки ер қимирлаш ҳодисаси кузатилса катта талафот бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Жанжалдан кейин қазиб қўйган чуқурликни шағал билан атай кўмиб, ҳолатни яширишга уринишди.

Қурувчи ташкилот арз-додимизга қулоқ солмай ишини давом эттиряпти”, – дейди у.  

Аҳаджон Тошқўзиевнинг хонадони деворлари қурилиши ишлари бошлангандан кейин дарз кетган. Қурувчи эса ҳолатни кўриб туриб ҳам девор ёрилганини тан олмаган.

Аҳаджон Тошқўзиев

“II гуруҳ ногирониман. Яшаётган “дом” ногиронлар учун берилган. Аҳолининг тинчини бузган қурувчилар иш бошлашдан аввал бирор кимсадан сўраб ўтирмай ерни қазишга тушишди. Бунинг оқибатида уйимнинг фасад қисми, энг ачинарлиси ички деворлари ҳам дарз кетди. Қурувчини уйимга олиб кириб ёрилган жойни кўрсатсам, у уйлар эскирганлигини айтиб, ёрилган жойни тан олмади. Мени ёлғончига чиқарди.

Уй атрофига манзарали ва мевали дарахтлар экиб қўйгандим. Уларни ҳам қулатишди. Уйга кўчиб кирганимизга эндигина 5 йил бўлди. Яна 15 йил давомида уй кредитини тўлашимиз керак. Уйимнинг тагигача аянчли равишда қазиб ташлашди. Уйда яшашга ҳам қўрқиб қолдик. Қурувчилар қўлингдан келганини қил, қаерга мурожаат қилсанг қилавер, деган гапларни айтишди. Улар бизни имкониятимиз чекланган фуқаролар деб одам ўрнида кўришмаяпти”, – дейди у. 

Фотима Собирова пойдевор қазилгандан кейин уйда яшашга қўрқиб қолгани, аҳоли жанжал кўтарганидан кейин қурувчи қилган ишини “ювиш” учун қазилган жойни атай шағал билан беркитиб ташлаганини таъкидлади.

 Фотима Собирова

“II гуруҳ ногирониман. Ўғлимга ногиронлар учун ажратилган хонадонлардан олганмиз. Ўғлим кўзи ожизлар мактабида уй кредитини тўлаш учун ишлайди. Қурувчи томонидан домимиз таги қазилиб, қурилиш бошлангандан бери ҳаловатимиз йўқолди. Бу уйларда амалдор ёки бой-бадавлат инсон яшамагани учун ҳам қурувчи бизни одам ўрнида кўрмай ўз ишини давом эттиряпти.

Экскаваторда қазиб деворларимизнинг бир томонига шикаст етказишди. Қазиётган пайтда қўрқиб уйда ўтира олмадик. Ҳозир ҳам таҳликада ўтирибмиз. Кўргилик қилмасин, ер қимирласа уйимиз ағанаб кетиши мумкин. Жанжал кўтариб тепага чиққанимиздан кейин қилган ишларини яширишиб қазилган жойни шағал ташлашиб беркитиб қўйишди”, – дейди Фотима Собирова.

“Тезкор шинам қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари Содиқ Усмонов билан телефон орқали суҳбатлашганимизда қурувчи турар жой қуриш учун лойиҳа ва рухсатнома берилгани ҳақида айтди. Раҳбар айни пайтда олисда экани, ёрдамчиси тез орада барча ҳужжатларни тақдим этишини билдирди. Бироқ орадан анча вақт ўтишига қарамай қурилиш бўлаётган ҳудудга бирор кимса келмади. Раҳбарга қилинган қайта қўнғироқ эса жавобсиз қолди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Зайлобиддин Хидиров ҳамда Боғдод тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Аброр Комиловдан ҳолат бўйича изоҳ олдик.

 Зайлобиддин Хидиров

“Аҳоли эътирозидан кейин қурилиш бошланган жойга келиб ҳолатни ўргандик. Ўрганиш жараёнида барча ҳужжатлар мавжудлигига гувоҳ бўлдик. Аҳоли қурилишга қаршилик қиляпти. Бирдан бир ечими ҳолат суд томонидан кўриб чиқилиши керак.

Қоидага кўра муҳофаза зонаси 7 метрни ташкил қилиши керак. Устига устак қурилиши режалаштирилаётган бинонинг бир томонида зовур жойлашган. Асли бу ҳудудда қурилиш қилиш нотўғри”, – дейди Зайлобиддин Хидиров.

Боғдод тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Аброр Комилов ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан атрофлича ўрганилаётгани, якуний хулоса бўйича кейинроқ маълумот берилишини билдирди.

 Аброр Комилов

Суриштирув давомида кўп қаватли уй қуриш учун муҳофаза зонаси камида 7 метр бўлиши шартлиги масъуллар томонидан тан олинди. Қурилиши режалаштирилаётган бино эса кўп қаватли уйдан бор-йўғи 2 метр масофада жойлашган холос.

Энг қизиғи, кўп қаватли уй қуриш учун ер ажратиш тўғрисида Боғдод тумани собиқ ҳокими Алибек Турсуновнинг қарори чиқарилган. Вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳузуридаги Архитектура шаҳарсозлик кенгаши томонидан турар жой қуриш учун ижобий хулоса ҳам берилган. Лекин тадбиркор манфаати учунгина чиқарилган қарор ва қурилишга рухсат берувчи барча ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши лозим. Аҳолининг ҳақли эътирози ҳам инобатга олиниши шарт.

Сарвар Зиёев
Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид