Ўзбекистон | 16:14 / 05.06.2023
19200
5 дақиқада ўқилади

Қабул бошланишига 15 кун қолди – абитуриент нималарни билиши керак?

Бу йилги қабул 20 июндан 20 июлгача давом этади. Прогнозларга кўра, 1 млн 260 минг абитуриент ҳужжат топшириши кутиляпти. Kun.uz абитуриентларга асқатадиган маълумотларни бир саҳифага жамлади.

Фото: KUN.UZ

Қабулга оз қолди

Абитуриентларни рўйхатга олиш 20 июндан 20 июлга қадар (шу куни ҳам) амалга оширилади. Чет тилидан ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишлар учун қабул 10 июлда якунланади.

Ижодий имтиҳон олинадиган олий таълим муассасалари:

хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университетининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига;
  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига киришда чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади.

Абитуриентлар my.uzbmb.uz ва my.gov.uz сайтлари орқали рўйхатга олинади.

Рўйхатдан ўтиш учун абитуриентлардан фақатгина 2 та ҳужжат: биометрик паспорт ёки ID-карта ва умумий ўрта таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади.

Сертификатлар ҳақида

Асосий тестга қадар абитуриентларда умумтаълим фанларидан миллий сертификат ва B2 даражадаги тил билиш сертификатини олиш имкони бор.

B2 ва ундан юқори даражадаги сертификат чет тили блогидан максимал балл беради.

Умумтаълим фанларидан миллий сертификат эса энг юқори баллнинг 60 фоиздан 85 фоизигача тўплаганларга ўзлаштириш фоизига мос равишда ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл, энг юқори баллнинг 86 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганларга ушбу фандан белгиланган максимал балл беради.

Мажбурий фан учун белгиланган максимал баллни олиш учун талабгорнинг сертификат балли 60 фоиздан юқори бўлса етарли.

Масалан, иқтисодиёт йўналишида асосий фанлар блоки математика ва чет тили фанидан иборат. Агар абитуриентнинг математика фанидан 86 фоиздан юқори даражадаги миллий сертификати ва чет тили сертификати бўлса, унга асосий блокдаги 2 фанидан ҳам, шунингдек, мажбурий фанлар блокидаги математика фанидан ҳам максимал балл берилади. Имтиҳонда у фақат мажбурий блокдаги она тили ва адабиёти ҳамда Ўзбекистон тарихи фанларидан тест саволларини бажаради.

Лекин агар абитуриентнинг миллий сертификатдаги балли 86 фоиздан пастроқ бўлса, унга фақат мажбурий блокдаги математика фанидан максимал балл, асосий блокдаги математика фанидан эса сертификатдаги баллига пропорционал балл берилади.

Хотин-қизларга эслатма

Айни пайтда эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги (2 мингта ўрин) грант ўрин учун тавсияномалар бериш давом этяпти. Охирги муддат – 8 июн. Талабгор аризани xotin-qizlar.uz платформаси орқали юборади.

Бундан ташқари, ўрта маълумотга эга бўлган 500 нафар хотин-қизга тўлов-шартнома асосида ўқишга кириш имконини берадиган тавсиянома учун аризалар қабули тўхтади. Улар тавсияномаларини 15 июнгача олишлари мумкин.

Тест қандай ўтказилади?

Бу йилги тест синовлари катта сиғимли биноларда бўлади. Бунда тест синовларини ўтказиш учун 92 та бино танлаб олинган бўлиб, бир сменада 44 минг нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши мумкин бўлади.

Тест синовлари икки сменада ўтказилади. 

1-смена: 08:00 да;

2-смена: 15:00 да бошланади.

Саволлар даражаси қандай бўлади? 

Кириш тест синовларида абитуриентларга 2 та мутахассислик фанидан 30 тадан 60 та тест топшириғи, 3 та мажбурий фандан 10 тадан 30 та тест топшириғи берилади.

Бунда мутахассислик фанларидан тест варианти 3 та қийинлик даражасидаги (осон, ўрта, қийин) тест топшириқларидан шакллантирилади. Барча абитуриентлар учун фанлар кесимидаги тест вариантининг тенг кучли бўлишини таъминлаш мақсадида тест вариантидаги тест топшириқлари қуйидагича тақсимланади:

  • осон даражадаги тест топшириқлари – 15-25 фоиз оралиғида;
  • ўрта даражадаги тест топшириқлари – 50-70 фоиз оралиғида;
  • қийин даражадаги тест топшириқлари – 15-25 фоиз оралиғида.

Мажбурий фанларда эса тест топшириқларининг барчаси осон даражадаги тест топшириқлари ҳисобланади.

Тўплаш мумкин бўлган максимал балл эса 189 балл.

Мактаб баҳосини ҳисобга олиш нима бўлди?

Шу йилги қабулдан бошлаб мактаб ва ўрта махсус муассасалар битирувчиларининг охирги 6 йиллик баҳолари кириш имтиҳонларида ҳисобга олина бошлаши керак эди. Тегишли қарорга кўра, битирувчига максимал 5 баллгача қўшиб берилиши мумкин. Бироқ бу тартиб қандай ишлаши, бу йилдан амалга киритилиши ёки йўқлиги бўйича ҳозиргача бирор маълумот берилмади. Аксинча, бундан 10 кун олдин мактаб баҳоларини ҳисобга олишга оид қарор қайтадан кўриб чиқилаётгани ва ўзгариши мумкинлиги, бу бўйича “яқин орада” маълумот берилиши ҳақида айтилди.

Масъуллар айтган “яқин ора” қачонлиги номаълум бўлгани каби баҳоларни ҳисобга олиш тартиби ишлаш ёки ишламаслиги ҳам мавҳумлигича қоляпти. 

Мавзуга оид