Жаҳон | 14:14 / 09.06.2023
8226
2 дақиқада ўқилади

Судан БМТ вакилини персона нон грата деб эълон қилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Судан бўйича махсус вакили Фолькер Пертес номатлуб шахс деб эълон қилинди. Хартум ҳукумати уни Суданда қуролли можаро қўзғатганликда айблади.

Фото: БМТ

Судан ҳукумати БМТнинг мамлакатдаги махсус вакили германиялик Фолькер Пертесни номатлуб шахс деб эълон қилди. «Судан Республикаси ҳукумати БМТ Бош котибига жаноб Фолькер Пертес бугундан бошлаб персона нон грата деб эълон қилингани ҳақида маълумот берди», — деб хабар берди 9 июнь, пайшанба куни Хартумдаги Ташқи ишлар вазирлиги. 

Аввалроқ Судан ҳарбий хунтаси раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон апрель ойи ўрталарида Судан армияси ва RSF ҳарбийлаштирилган гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувлар учун уни жавобгар деб топиб, Пертес истеъфосини талаб қилган эди. Пертес айни дамда Эфиопия пойтахти Аддис-Абебада музокаралар олиб бормоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига йўллаган мактубида ал-Бурхон Фолькер Пертесни ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин ўз ҳисоботларида «Хартумда кескин вазият борлиги фактини сусайтиришда» айблади. «Бу ёлғон бўлмаганида, исёнчилар етакчиси Дағло жанговар ҳаракатларни бошламаган бўларди», деди ал-Бурхон. 

Айни пайтда, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Судандаги махсус вакилини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. 

Мавзуга оид