Жамият | 10:25 / 09.06.2023
24094
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги мактаб ҳовлисида 26 туп дарахт кесиб ташланди

Бир неча йил олдин кесиб ташланган, лекин яна ҳаётга қайтган дарахтлар иккинчи марта ҳужумга учради. Камера ёзувларида буни мактабнинг боғбончилик ишларини бажариб келган шахс қилгани кўринади. Табиатга етказилган зарар 312,1 млн сўмга баҳоланди.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги мактаб ҳовлисида дарахтлар кесиб ташланди. Пойтахт ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унда айтилишича, Мирзо Улуғбек туманидаги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги Мафифдум (собиқ 171-мактаб) ҳудудидаги 26 туп Гледичия навли манзарали дарахт 28 май, якшанба куни фуқаро Анатолий Страшко томонидан кесилган.

Видеокузатув камерасининг кўрсатишича, фуқаро бу ишни мактабни ўраб турувчи панжарага туташ бўлган гаражлардан ошиб тушиб, амалга оширган.

Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва унинг туман бўлими ҳамда туман прокуратураси томонидан ўрганилди. Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, дарахтлар нобуд қилиниши натижасида ўсимлик дунёсига 312,1 млн сўм зарар етказилган.

«Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 171-мактаб ҳовлисидаги 26 туп гледичия дарахтлари нобуд қилингани ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид