Ўзбекистон | 15:06 / 12.06.2023
6926
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қозоғистонга ўрмон ёнғинларига қарши курашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди

Шавкат Мирзиёев Қозоғистондаги ўрмон ёнғинига қарши курашишда Ўзбекистон барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини айтди.

Фото: Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 июн куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, суҳбат аввалида президент Абай области ҳудудида рўй берган ўрмон ёнғини оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Тўқаев ва қардош Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди.

«Табиий офатга қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр экани билдирилди.

Президентлар икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Савдо, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди», дейилади хабарда.

Абай областида 8 июн куни бошланган ўрмон ёнғинлари оқибатида 14 киши ҳалок бўлган. Россия билан чегарадош ҳудудда чиққан ёнғин 60 минг гектардан ошиқ майдонни қамраб олган. Мамлакатда 12 июн миллий мотам куни деб эълон қилинди.

Мавзуга оид