Жаҳон | 08:14 / 14.06.2023
8571
2 дақиқада ўқилади

WSJ: МРБ Киевни "Шимолий оқим"га ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирган

Марказий разведка бошқармаси Нидерландия разведка хизматидан маълумот олгач, Киевни "Шимолий оқим" газ қувурларига ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирди, деб ёзади The Wall Street Journal. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси портлашларга алоқадорлигини рад этди.

Фото: Reuters

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Нидерландия Ҳарбий разведка ва хавфсизлик хизматидан маълумот олгач, Украина ҳукуматини 2022 йил июн ойида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим 2” газ қувурларига ҳужумлар бўйича огоҳлантирди. Бу ҳақда 13 июн, сешанба куни The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.

Газетанинг ёзишича, Нидерландия расмийлари Марказий разведка бошқармасига Украинанинг қўпорувчилик гуруҳи Болтиқбўйи қирғоғида яхта ижарага олмоқчи экани ва ғаввослар гуруҳи ёрдамида тўртта газ қувури ёнига портловчи моддалар ўрнатмоқчи бўлганини айтган.

Шу билан бирга, WSJ Марказий разведка бошқармаси расмийларида Украинанинг Болтиқ денгизи катта чуқурликларида портловчи моддаларни жойлаштиришни талаб қиладиган бундай ҳужумни амалга ошириш имконияти бор-йўқлиги ҳақида саволлари борлигини тан олади.

Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси ("ГУР") вакили Андрей Черняк The Wall Street Journal газетасига берган изоҳида Киевнинг газ қувурларига ҳужумга алоқадорлигини рад этди.

2022 йил сентябр ойи охирида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим 2” газ қувурларининг тўрт тармоғидан учтаси шикастланган. Швеция, Дания ва Германия томонидан олиб борилган текширувлар газ қувурлари портлатилганини кўрсатди, бироқ айбдорлар ҳозирча аниқланмаган. Украина расмийлари аввалроқ Киевнинг портлашларга алоқадорлигини бир неча бор рад этган.

Мавзуга оид