Жамият | 18:49 / 15.06.2023
29456
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ўқувчи қиз расмга тушиш пайтида дарёга қулаб, ҳалок бўлди 

9-синф ўқувчиси эҳтиётсизлик оқибатида сирпаниб, дарёга тушиб кетган. 

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида ўқувчи қиз расмга тушаётганда Угом дарёсига тушиб кетиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Миллар» теледастурида хабар берилди. 

Қайд қилинишича, ҳодиса 11 июнь куни юз берган. Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги мактабнинг 9-синф ўқувчилари ўқитувчиси билан тоғга дам олгани чиққан. Ўқувчи қизлардан бири расмга тушиш учун тош устига чиққан ва эҳтиётсизлик сабаб сувга тушиб, оқиб кетган. Бироз ўтгач, унинг жонсиз танаси сувдан топилган. 

Мактаб директори сўзларига кўра, тоғга саёҳат ўқувчиларнинг ота-оналари ташаббуси билан ташкил қилинган. Саёҳатга синфдан фақат 6 нафар ўқувчи чиққан. Директор, шунингдек, ўқувчилар тоғга якшанба куни чиққанини, мактаб имтиҳонлари бир неча кун олдин тугаб, ўқитувчи ва ўқувчиларга таътил берилганини билдирган. 

Ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув ишлари Тошкент вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган. 

Мавзуга оид