Ўзбекистон | 12:34 / 16.06.2023
17019
2 дақиқада ўқилади

«Ҳарорат фони ҳали ҳам меъёрдан юқори бўлиб қолмоқда» - «Ўзгидромет»

Ҳатто маҳаллий иқлим учун ҳам 2023 йил ёзининг боши жуда иссиқ билан бошланди.

Фото: KUN.UZ

“Ўзгидромет” хабарига кўра, Ўзбекистон ҳудудида биринчи ўн йилликнинг ўртача ҳарорати кўп йиллик қийматлардан +2...+4 даражага юқори бўлган.

Ҳаво ҳароратининг энг юқори қийматлари ўн кунликнинг ўрталарида кузатилди. Шу кунларда кундузи ҳаво +38...+40 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда +42 даражагача исиди.

Биринчи ўн кунликнинг охирига келиб, нисбатан салқин ҳаво оқими республика ҳудуди бўйича ҳарорат фонини бироз пасайтирди. Ҳароратнинг энг сезиларли пасайиши Ўзбекистон шимоли-ғарбий ҳудудларида кузатилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати +7...+10 даражага пасайди. Республика қолган ҳудудларида ҳароратнинг пасайиши унча ифодаланмади, аммо барибир ҳароратнинг +4...+6 даражага пасайиши сезилди.

“Аммо, шунга қарамай, ҳарорат фони ҳали хам меъёрдан юқори бўлиб қолмоқда”, дейилади “Ўзгидромет” маълумотида.

Шу ҳафтанинг бошидан ҳарорат яна кўтарила бошлади. Ҳафта охирига бориб, ҳарорат яна +37...+40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудида +41...+42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Июнь ойида бундай ҳарорат қийматлари истисно эмас. Аммо, ёзнинг бошида ҳаво ҳарорати меъёрдан сезиларли даражада бундай узоқ давр кўтарилиши Ўзбекистонда ҳар йили кузатилмайди.

Сўнгги марта бундай иссиқ об-ҳаво 2021 йил июнь ойининг биринчи ва иккинчи ўн йилликларида кузатилган. 2021 йил июнь ойи барча кузатув йиллари учун энг иссиқ бўлди. Июнь ойида максимал ҳарорат +42...+44 даражага, республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида +45...+46 даражага етди.

Шу тариқа, ҳарорат қийматларига кўра, ушбу йилнинг июнь ойи 2021 йилнинг энг иссиқ июнига “ета олмади”, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид