«Арсенал» кейинги мавсумда ҳам чемпионлик учун курашмоқчи. «Канонирлар» кучли трансферларга тайёрланмоқда
Ва Британия рекорди янгиланиши мумкин.
Обоймани кенгайтириш
«Арсенал» мавсумнинг финиш қисмида секинлашиб, якунда барибир чемпионликка эриша олмаганининг асосий сабаби сифатида захира ўриндиғи кенг эмаслиги келтирилади. Олтин учун пойгада устун келган «Манчестер Сити»да рўйхат анча кенгроқ — ҳа, Пеп Гвардиола сўнгги ойларда амалда битта бошланғич таркибдан фойдаланди, аммо асосий таркиб футболчиларини ўйин суръатини туширмасдан захирага олиш имконияти унда кўпроқ эди.
«Арсенал» ўтган ёзда ҳам таркибни сезиларли даражада кучайтирганди. Чемпионлик кўрган Габриэл Жезус ва Олександр Зинченконинг жамоада пайдо бўлиши ўтган мавсум анча муваффақиятли кечиши омилларидан бири бўлди. 35 миллион евро эвазига «Порту»дан сотиб олинган яримҳимоячи Фабиу Вийера ротация футболчиси вазифасини ўтади (АПЛда 22 ўйин, аммо шундан фақат учтасида стартда ва майдонда жами 499 дақиқа), аммо шуни эътиборга олиш керакки, 22 ёшли португалияликнинг таркиб учун рақобатчиси — «канонирлар» сардори Мартин Эдегор ҳисобланади.
Муаммо шундаки, стартдаги футболчиларни тўлақонли алмаштирадиган захира футболчилари йўқ эди. Албатта, шу кунларда вафот этган Силвио Берлусконининг икки тенг кучли таркиб ҳақидаги сўзлари — оддий миф. Исталган жамоада асосий таркиб (13-14 киши), асосий обойма (18-19 киши) бўлади ва қолгани захира вакиллари. Масала, асосий таркибга кирмайдиган, аммо обоймага кирадиган футболчиларда. «Арсенал»га айнан шундай захира етишмади. Жамоа Габриэл Жезуснинг жароҳатини нисбатан оғриқсиз ўтказган бўлса — Эдди Нкетиа гол уриб туришни уддалади, Уилям Салиба мавсумнинг муҳим қисмида сафдан чиқиши барчасини ҳал қилди. Ушбу марказий ҳимоячи ўтган мавсумда жиддий ўсди ва унинг ўрнида ўйнатилган Роб Ҳолдинг унинг даражасига яқин кела олмади.
Афтидан, «Арсенал» раҳбарияти бу муаммони аниқ кўрганди ва январдаги трансферлар — Жоржиньо ва Леандро Троссар — айнан обоймани кучайтиришга қаратилганди. Уларнинг иккиси ҳам етарлича ўйин амалиётига эга бўлди ва жамоага фойда келтиришди: Троссар ярим мавсумда 10 голли узатмага муаллифлик қилди, Жоржиньо — 14 ўйинда 852 дақиқа ўтказди.
Райс
Бу ёзда эса мускулларни ўстириш бўйича ишлар давом эттирилади. Қолаверса, «Арсенал» бу мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнаши керак. Асосий нишон — Деклан Райс. Якунланган мавсумда у сардор сифатида «Вест Ҳэм» билан Конференциялар лигасида (клуб учун сўнгги 43 йилликдаги илк соврин) ғолиб бўлди, Англия миллий жамоасининг 2020 йилги Европа чемпионати ва 2022 йилги жаҳон чемпионатидаги асосий яримҳимоячиси сифатида ўйнади. У «болғачилар» академиясининг Рио Фердинанд ва Фрэнк Лэмпарддан кейин етиштирган энг иқтидорли футболчиси бўлиб чиқди.
Райснинг «Вест Ҳэм» билан шартномаси тугашига бир йил қолган. Қишда клуб 24 ёшли футболчига ҳамкорликни давом эттириш бўйича учта таклиф берди, аммо уларнинг барчаси футболчи томонидан рад этилди. Бу йилги мавсумлар оралиғи «болғачилар» учун Райсни яхши нархга пуллаш учун сўнгги имконият. «Вест Ҳэм»дагилар буни яширишмаяпти: Конференциялар лигаси финалидан кейин бошқарув кенгаши раиси Дэвид Салливан ушбу яримҳимоячи катта эҳтимол билан Лондон шарқидан бўлган жамоа учун сўнгги ўйинини ўтказгани ҳақида айтди.
13 июн куни The Guardian «Арсенал» ва «Вест Ҳэм» фаол музокара ўтказаётгани, трансфер қиймати бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда 115 миллион еврони ташкил этиши мумкинлиги ҳақида ёзди. 15 июн куни The Athletic «Арсенал» «болғачилар»га 80 млн фунтлик илк расмий таклиф юборгани ва бу таклиф рад этилгани ҳақида хабар берди. Феврал ойида «Вест Ҳэм» бош мураббийи Дэвид Мойес агар Райс жамоани тарк этса, бу Британия футболида трансфер рекордига айланишини айтганди. Ҳозирда бундай рекорд «Челси» Энцо Фернандесни трансфер қилишида ўрнатилганди — 121 миллион евро.
Кўриниб турибдики, «Арсенал» томонидан навбатдаги таклифлар бўлади. Sky Sports хабарига кўра, энди «Арсенал» 110 млн фунтлик иккинчи таклифни юбориши кутилмоқда, «Вест Ҳэм» эса футболчиси учун 120 млн фунт нарх белгилаган. Аммо The Athletic журналисти, Британиядаги нуфузли инсайдерлардан бири Дэвид Орнштейнга кўра Райс учун курашга «Манчестер Сити» ҳам қўшилиши мумкин. Аммо бунда кўп нарса Илкай Гундўған ва Бернарду Силванинг клубдан кетиш-кетмаслигига боғлиқ, бундан ташқари, «шаҳарликлар»да «Челси»дан Матео Ковачични олиш варианти мавжуд.
Ҳаверц
Яна бир эҳтимолий трансфер — бу Кай Ҳаверц. «Арсенал» «Челси» ҳужум чизиғининг 24 ёшли вакили бўйича сўров юборган (немис футболчиси «Стэмфорд Бриж»даги фаолиятининг биринчи босқичида — Томас Тухел бошқарувидаги бир ярим йилликда у 3-4-2-1 схемасида ўнг қанотга яқин «ўнлик» вазифасини бажарган, кейин «тўққизлик» позициясида ўйнай бошлади — ҳақиқий ёки алдамчи тўққизлик). Эҳтимолий трансфер суммаси ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, аммо, The Athletic манбасига кўра, яхши таклиф берилган тақдирда «Челси» Ҳаверцни қўйиб юборишга тайёр (бошқа вариантлар қаторида Тухел бош мураббий бўлган «Бавария» ва «Реал» бор). Кўкларнинг бу позицияси тушунарли — улар ҳаддан ташқари семириб кетган таркибни бўшатиши ва молиявий фейр-плей муаммосини ҳал қилиши керак.
Ҳаверц — тактик жиҳатдан мослашувчан футболчи. «Умуман олганда, мен яримҳимоячиман, аммо менга жарима майдонига ёриб кириш ёқади. Сенинг жамоанг тўпга эгалик қилаётганда, сен мослашишинг ва ўз позициянгни ўзгартиришинг керак, менинг майдондаги вазифам шу», — деган у ўзи ҳақида. Ва агар Райснинг роли анча тушунарли бўлса — у классик ақлли таянч яримҳимоячиси ва ўйинни аъло даражада ўқий олади, Ҳаверц эса бир вақтнинг ўзида бир неча позицияни ёпиши мумкин: ҳужум марказида Габриэл Жезуснинг ўрнида ҳаракат қилиши ҳам, орқароқда Эдегорга ёрдам бериши ҳам мумкин.
Габриэл — Салиба жуфтлигига муқобил вариант кўринмаётган ҳимоя марказига ҳам футболчи олиб келиш лозимдек кўринади, аммо бу ерда январда 25 миллион евро эвазига «Специя»дан сотиб олинган 22 ёшли поляк Якуб Кивиорнинг ўсишига ҳам умид қилиш мумкин. Аммо агар «Эмирейтс»га Райс ва Ҳаверцнинг ўзи келса ҳам, бу анча жиддий қадам бўлади.
Мавзуга оид
12:28
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:33 / 03.11.2024
АПЛда сенсациялар куни, Ҳусановда илк қизил. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
14:28 / 28.10.2024