Ўзбекистон | 13:08 / 19.06.2023
17470
2 дақиқада ўқилади

Янгиҳаётдаги уйда лифтлар аҳолига носоз ҳолатда топширилгани маълум бўлди

Бош прокуратуранинг Kun.uz'га маълум қилишича, Янгиҳаёт туманида лифти қулаб тушган 16 қаватли турар жой мажмуасини “LAND HOUSE” МЧЖ қурган. Уй бундан 1 ой аввал — 2023 йил май ойида фойдаланишга топширилган.

Фото: KUN.UZ

Янгиҳаётда “LAND HOUSE” МЧЖ томонидан қурилиб, 2023 йилнинг май ойида фойдаланишга топширилган “дом”нинг аҳоли учун ажратилган 2 та лифти носоз ҳолда бўлгани аниқланди. Шу сабабли, фуқаролар юк ташувчи лифтдан фойдаланиб келишган.  

Маълум қилинишича, 18 июнь куни Янгиҳаёт тумани, “Янги Дархон” МФЙ, 17-сонли кўп қаватли уйнинг юк ташишга мўлжалланган лифти пастга тушишда тезлашиб кетган. Бу пайтда фуқаролар фойдаланиши мўлжалланган 2 та лифтда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу сабабли, фуқаролар юк ташишга мўлжалланган лифтдан фойдаланган.

«Лифтга белгиланган вазндан кўп миқдорда, яъни 1 тоннадан ошиқ, 13 нафар фуқаро 16-қаватдан минган. Уларнинг 2 нафари ёш бола бўлган. 10-қаватга келганда лифтнинг тушиш тезлиги тезлашиб кетган ҳамда ичидаги фуқароларнинг ҳаёти хавф остида қолган. Уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган. 6 нафар фуқаронинг оёғи синган ҳамда улар реабилитация бўлимига ётқизилган. Қолган фуқароларга уйига рухсат берилган», дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Kun.uz мухбири кеча тунда воқеа жойида бўлиб, ҳодиса гувоҳлари билан суҳбатлашганди. Воқеа гувоҳлари ушбу лифт олдинроқ ҳам 3-қаватдан пастга “қулагани” ва тормози ишлаб, ушлаб қолганини билдиришган.

Мавзуга оид