Қуёш нури остида узоқ вақт бўлиш терида асоратларни келтириб чиқариши мумкин
Жумладан, терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида фотодерматоз келиб чиқиши мумкин.
Қуёш нури остида узоқ вақт бўлиш турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, мутахассислар жазирама кунларда қуёш нури туфайли инсонларда турли аллергик реакциялар пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказининг маълум қилишича, терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида юзага келадиган касаллик фотодерматоз деб аталади. Статистик маълумотларга кўра, бу хасталик дунё аҳолисининг тахминан 20 фоизида учрайди.
— Қуёш нурининг ўзи аллерген ҳисобланмайди, — деди марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. — Бироқ ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришганда, аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин.
Оқибатда кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ, куйиш кўринишидаги турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар ҳам кузатилади. Тошмалар жазирама таъсир қила бошлаган илк соатлардан то ҳафта давомигача ҳосил бўлади. Кўпинча фотодерматоз белгилари муолажалардан сўнг йўқолиб кетади. Аммо бу ҳолат инсонни умр бўйи таъқиб қилиши эҳтимоли ҳам бор.
Хўш, бундай вазиятда нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозим?
Аввало, соат 10:00 дан 15:00 гача соя-салқин жойларда бўлиш тавсия этилади. Имкон қадар ёпиқроқ кийиниш керак. Сезувчан тери учун мўлжалланган қуёш нурига қарши кремлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Баъзи дорилар фотодерматозни келтириб чиқариши ёки хасталикни кучайтириши мумкин. Шу боис препаратнинг қўллаш кўрсатмаларини диққат билан ўқиш ёки шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
Атопик дерматитни даволашда қўлланиладиган Элидел ёки Протопик суртмаларидан фойдаланаётган беморларга қуёшда юриш тақиқланади. Ёки бу воситаларни тушдан сўнг оқшомга қадар ишлатган маъқул.
Шунингдек, Эритромицин, Тетрациклин ва Стрептомицин каби дорилар ультрафинафша нурларини кучли тортиб олиш хусусиятига эга. Ушбу малҳамларни қабул қилган ёки юз соҳаларига суртган беморлар иссиқ кунларда кундузи кўчага чиқиши мумкин эмас.
Мавзуга оид
15:46 / 14.11.2024
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:19 / 13.11.2024
Уларни ҳар куни ютамиз: ҳавони ифлослантирувчи 10 та энг зарарли модда
12:53 / 10.11.2024
Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди
22:16 / 08.11.2024