Жаҳон | 00:47 / 27.06.2023
52948
2 дақиқада ўқилади

Путин «вагнерчилар»ни Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга ёки Беларусга кетишга чақирди

Путин яна бир бор фавқулодда мурожаат билан чиқди. У ўзининг Россияда «катта қон тўкилмагани»даги хизматини эътироф этди.

Фото: Kremlin.ru

26 июнь куни кечқурун Россия президенти Владимир Путин халққа мурожаат қилиб, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин томонидан уюштирилган қуролли исёнга изоҳ берди.

Мурожаат чоғида Путин «Вагнер» жангчиларидан қора ниятда фойдаланишга ҳаракат қилганликларини айтди. Россия президенти «вагнерчилар»га Мудофаа вазирлиги ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан шартнома имзолашни, ўз оилаларига қайтишни ёки Беларусга кетишни таклиф қилди.

«Ким хоҳласа, Беларусга кетиши мумкин. Мен берган ваъда амалга ошади. Такрор айтаман, танлов сизники, аммо бу ўз фожиали хатосини тушунган россиялик аскарларнинг танлови бўлишига ишонаман», деди Путин.

Мурожаат чоғида Россия президенти исён ташкилотчилари ўз ватанига, халқига ва «жиноятга жалб қилинганлар»га хиёнат этганини таъкидлади. «Қуролли исён ҳар қандай ҳолатда ҳам бостирилган бўларди. Қўзғолон ташкилотчилари, адекватлигини йўқотган бўлсалар ҳам, буни тушунмай қолишди», деди Путин.

Шунингдек, у мурожаат чоғида «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин номини тилга олмади.

Президент нутқи давомида Россия ҳарбийлари, ҳуқуқ-тартибот ва махсус хизмат ходимларига миннатдорлик билдирди. «Ҳалок бўлган қаҳрамон учувчиларнинг жасорати ва фидойилиги Россияни фожиали ҳалокатли оқибатлардан қутқарди», деб қўшимча қилди Путин.

Россия президенти мурожаати беш дақиқадан сал кўпроқ давом этди. Аввалроқ, президент матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу нутқни эълон қилар экан, «бу баёнотлар, муболағасиз, Россия тақдирини белгилаб беради», деган эди.

Мавзуга оид