Тошкентда қуёш ультрабинафша нурлари максимал даражага етиши мумкин
Тошкентда 27 июнь куни қуёшнинг ультрабинафша нурланиш даражаси юқори бўлиши кутилмоқда.
Соат 13:00 ва 14:00 орасида қуёш ультрабинафша нурлари 12 баллик тизимда 11 баллик даражага етади.
Бу каби ноқулай об-ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида фотодерматит касаллиги юзага келиши мумкин. Оқибатда кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ ва турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар кузатилади.
Кўзнинг шиллиқ қаватига ультрабинафша нурларининг таъсири конъюнктивит ва кератит, яъни шоҳпарданинг яллиғланишини ҳам келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, нурланиш индекси юқори бўлган вақтда очиқ ҳавода узоқ вақт юриш саратон касаллигига мойилликни ошириб, иммунитетни пасайтиради.
Бундай кунларда соат 11:00 дан 16:00 гача қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, агар зарурат туғилса, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш ва имкон қадар ёпиқ либослар кийиш тавсия этилади.