Жамият | 09:19 / 30.06.2023
19735
6 дақиқада ўқилади

Ҳаётий ҳикоя: Сиртлон

Баъзи вақтларда иши битгунича ака-ака ёки ошна-ошналаб юриб, иши битгач, орқамдан пичоқ уриб кетганларга дуч келганимда, Сиртлон эсимга тушади...

Фото: fingernal.ru

Шу воқеаларга ҳам йигирма йилдан ошибди. 2002 йил ёз ойлари эди. Ўша вақтларда Пайариқ каналидан пахта далаларига сув тортиб берадиган сув насосда ишлардим.

Бир куни тушга яқин шу далаларда сувчилик қиладиган Усмон ака келиб.

– Бахтиёр, бугун насосга бормадингми? – дея сўради.

– Ака, мен кечаси ишлаяпман, кундузи насосга шеригим Шермат ака қарайди. Нима гап, тинчликми?

– Пастки қишлоқлик Элмон деган бола итининг оёғини боғлаб, сувга отиб юбориб кетибди. Ит сувда оқиб бориб насос қувурига осилиб қолган, сувдан чиқариб олишга қўрқдим. Сен ўзинг бор-да, шу кучукни сувдан чиқариб, оёқларини ечиб қўйиб юбор.

– У бола жинними? Нега итни сувга ташлаган?

– Айтишича, товуқ еркан, қўни-қўшниларнинг ҳам товуқларини еб, ҳамманинг жонига тегибди. Сен олиб келиб боғлаб қўйсанг, ҳали кучукбачча экан.

– Ҳозир пастга тушаман, сувдан чиқариб қўйиб юбораман. Аммо ўзим кучук қилиб асраб олмайман, биласиз бизда ҳам товуқ кўп, товуқ ейдиган кучук керакмас.

Бироз вақт ўтиб, канал ёқасига тушдим. Насос олдига борсам, бетон қирғоқ билан қувур орасига қисилиб қолган сариқ рангли кучукнинг боши сувдан чиқиб турибди. Сувга тушиб тортиб, канал ёқасига олиб чиқдим.

Қаттиқ сим билан шунчалик қисиб боғланганидан оёқларидан қон сизиб турибди, симни қўлим билан еча олмадим. Насос ёнига қурилган чайла қулфининг калити доим чўнтагимда бўларди. Эшикни очиб ичкаридан қисқич олиб чиқиб, симларни кесдим.

Икки соатдан ошиқ вақт муздек сувда ётган кучукча қалтираб қолган, оёқлари увушиб қолганидан бир қанча вақт жойидан тура олмай ётди.

Саратон қуёши қиздиряпти, атрофда тирик жон кўринмайди. Баданидан иссиқ ўтиб ўзига келган кучукча аста жойидан турди ва ёнимга келди.

– Бир марта ўлиб тирилдинг, энди бошқа ҳеч қачон товуқ ема, кейин Элмоннинг уйига ҳам қайтиб борма, кейинги сафар у сени осади, – дедим кўзлари мўлтираб менга қараб турган кучукка. – Хоҳлаган тарафингга кет, энди озодсан, – шундай деб чайлага қисқични қўйиш учун кириб кетдим.

Ўзимизнинг томорқага сув чиқариб берадиган кичкина сув насосимиз шу чайла ичида, бир кун олдин бузилган эди. Шу насосни тузатиш учун ишга киришдим. Иш билан бўлиб кучукча эсимдан ҳам чиқибди, бир соатча вақт ўтиб ташқарига чиқсам у шу жойда иссиқ тупроқда ётибди.

Мени кўриб жойидан сакраб турди, кесилган думини ликиллатиб келиб оёқларимга суйкалди.

– Сен ҳалиям шу ердамисан, кет дедим-ку, бор йўқол, – дея бақирдим.

Бирдан овозим баландлатишимдан чўчиб у сал нарига бориб, менга тикилиб тураверди. Канал ёқалаб уйга кетдим, кучукча ортимдан эргашди. Ердан тош олиб урмоқчидек қўрқитсам, сал нарига қочади, кейин яна ортимдан эргашади.

Уйга етиб келдим.

– Бир чеккага боғлаб қўй ўғлим, ҳозир қувиб юборсанг, яна бирор кишининг товуғини еса, уриб ўлдириб қўяди, уволи урмасин. Яхши ит бўлади, ҳали кўрасан. Тераклар остига боғлаб қўй, ёнига товуқлар бормайди. Бўш қўймасак товуққа зарари тегмайди, – деди онажоним.

Онам айтгандек итнинг бўйнига занжир солиб, боғлаб қўйдим.

Унга Сиртлон деб ном бердик. Ана шу Сиртлон ўн йил хизматимизни қилди. Ана шу Сиртлон ўн йил ичида бирон маротаба товуқ емади, ҳатто сўйилган товуқ ичак чавоқларини ташласак ҳам қарамасди.

Қиш кунларида бўш қўйиб юборардик, бўйи нақд бўридек катта ит бўлди.

2005 йилда катта кўчада мактабдан қайтаётган ёш болалардан бири тош билан урибди. Сиртлон ортидан етиб олиб, оёғидан бир парча этни узиб олган. Йиғлаётган йигитчанинг оёғини кўриб менинг ҳам мазам қочди.

Шу шу Сиртлон занжирбанд этилди, то ўзи қариб касал бўлиб ўлгунича бўш қўймадик. Бир йили қишда бўйнидан занжир чиқиб бўшалиб кетибди. Бирон кишига зарари тегмасин, дея арқонни олиб ортидан югурдим. Анча вақтдан бери боғловли туриб зериккан Сиртлон қорда ўйнаб югурар, менга тутқич бермасди.

Ёнимдан югуриб ўтаётган вақтида бўйнига осилдим. Бехосдан ириллаб, ўнг билагимдан тишлади. Қалин палто кийиб олганим учун зарари тегмади-ю, тишлари ботиб қўлимни оғритди.

– Тишла! Мана қўлим, яна тишла! Сенга қилган яхшиликларимга шуми жавобинг, мени тишлайсанми? – худди одамга гапираётгандек бақириб кетдим. Эгнимдаги палтони ечиб қорга отдим.

Билагимни очиб, "мана энди тишла, ма, тишлаб узиб ол!" десам, Сиртлон ўша мен сувдан олиб чиққан кучукча вақтида кўзлари мўлтираб қандай менга қараган бўлса, шундай тикилиб турибди. Шу ҳолида узр сўраётгандек.

Мана шу ит 2012 йил қишигача уйимизни, молимизни қўриқлади. Атрофда ҳамма уни биларди, томорқамизга бегона мол оралай олмасди.

Товуқларимизга ҳужум қилган тулкини ушлаб талаган вақтида тулкидан унга қанақадир касаллик юқди. Чунки Сиртлоннинг тишларидан ўша тулкини ажратиб олган вақтимда касаллигини кўргандим.

Икки ойча туролмай молхонада ётди, ҳар хил дори, уколлар қилдим, барибир тузалмади. Бир кун эрталаб борсам, жони узилган экан. Одамлар оёқ босмайдиган жойга олиб бориб, чуқур ковлаб кўмдим.

Баъзи вақтларда атрофимда иши битгунича ака-акалаб, ёки ошна-ошналаб юриб, иши битгач, орқамдан пичоқ уриб кетганларга дуч келганимда, Сиртлон эсимга тушади...

Бахтиёр Турсун

Мавзуга оид