Бирданига ўнлаб тажрибали рақибларни тор-мор этган болакай: шахмат вундеркинди тарихи
1920 йилда АҚШда йигирма нафар ёши катта ва тажрибали ўйинчилар саккиз ёшли болакай билан шахмат ўйнагани ва ютқазгани шов-шув бўлади. Самуэл Герман Решевский Вест-Поинтдаги ҳарбий академияга боради ва у ерда тажрибали йигирма нафар шахматчи билан бирданига дона суради. Натижа ҳавас қилгулик эди: бола фақат битта дуранг қайд этади, қолганлар устидан эса ғалаба қозонади.
Унинг рақиблари таниқли математик-шахматчилар, обрўли кишилар эди. Боланинг ғайриоддий истеъдоди кўпчиликни қойил қолдиради.
Ўртаҳол оилада туғилган
Решевский 1911 йилда ҳозирги Полша ҳудудига тўғри келувчи Озоркув шаҳарчасида дунёга келган. Ўша пайтда ҳудуд Россия империяси назоратида эди. Болакай художўй яҳудий оиласида туғилганди, ундан ташқари оиланинг яна беш нафар фарзанди бор эди.
Тўрт ёшга кирган пайтдаёқ бола шахмат қонун-қоидаларини тўлиқ ўрганиб, дона сура бошлайди. Оила Лодз шаҳрига кўчганда истеъдодли бола поляк гроссмейстери Георг Салве эътиборига тушади. Шундан сўнг митти вундеркинд кучли шахматчилар билан шаҳар биринчиликларида ўйнай бошлади.
Решевский илк халқаро турнирини олти ёшида Австрия пойтахти Венада ўтказган. Иштирокчилар катта ва кучли шахматчилар эди, улар митти рақибга беписандлик билан қарашарди. Оқибатда ғалаба бола тарафида бўлди, ҳатто австриялик машҳур шахматчи Волф ҳам бола олдида ожиз қолди.
Кейин Решевский словениялик гроссмейстер Милан Видмар билан бир неча соат кучли жанг олиб борди. Якунда эса Видмар амаллаб ғалабани қўлга кирита олди.
Йўқотилган болалик
Кўпчилик вундеркиндлар каби фавқулодда истеъдод Решевскийга муаммо ҳам туғдирди: у шахмат билан овора бўлиб, мактабда тузукроқ ўқий олмади.
Бола интелектуал дунёқарашда тенгдошлардан орқада эди. Ҳатто саккиз ёшида топширган имтиҳонида бола маймун ва йўлбарс ўртасидаги фарқни ажрата олмагани ҳақида фактлар мавжуд.
Айнан машҳурлик ва пул топиш мақсадида ота-онаси болани АҚШга олиб келади.
Шахмат бола учун ҳаёт-мамотга айланганди, у хотираларида ушбу ўйин худди нафас олиш каби муҳим бўлиб қолгани ҳақида эслайди.
Бола ҳатто ўн ёшлигида машҳур актёр Чарли Чаплинга ҳам шахмат сирларини ўргатган.
1920 йилда ёш шахматчи Европа бўйлаб турнега отланади.
Тўққиз ёшли болакай Париж, Лондон, Вена ва Берлинда шахмат бўйича маҳоратини намойиш этишга муваффақ бўлди. Ҳар бир шаҳарда у соқолли, ёши улуғ рақибларга қарши курашиб, ҳақиқий қаҳрамонга айланди. Ҳайрон қолган томошабинлар ёш иқтидорни ҳаяжон ва олқишлар билан кутиб олишарди.
Бундай кичкина шахматчи қандай қилиб жаҳон шахмат усталари ва гроссмейстерларини мағлуб эта олишини ҳамма тушуна олмасди. “Шахмат” сафари давомида Решевский 23 та ўйин ўтказди, шундан 4 тасида дуранг, қолганларини эса ишончли ғалабалар билан якунланди.
Турне якунланиб, АҚШга қайтган болакайни ўқитиш масаласи кун тартибидан жой олди. 12 ёшли бола илк бор мактабга бориб, ўқиш, ёзиш ва бошқа малакаларни ўзлаштира бошлади. Шахмат орқали дунёга танилган Самуэл энди оддий тенгдошлари каби таълимни ўзлаштириши керак эди.
Шундан кейин Решевский бироз муддат омма эътиборидан четда қолади.
Самуэл 1927 йилда АҚШнинг Ғарбий қирғоғи биринчилигида барчани “ер тишлатди”. Рақиблари уни ҳатто дурангга ҳам кўндира олмайди. 1929 йилда эса йигитча Детройт иқтисодиёт университети талабасига айланди.
Кейинги ҳаёт
Решевский тўлиқ профессионал шахматчи бўла олмади, у ҳисобчилик касбини танлаганди. Аммо бир қанча турнирларда ўзини кўрсата олди. Жумладан, 1935 йилда Англиядаги турнирда кубалик машҳур шахматчи Капабланкани ортда қолдирди.
1948 йил жаҳон чемпионлиги учун Ботвинник, Керес, Эйве каби машҳурлар қатнашган турнир ўтказилди. Решевский ғолиб бўлмаса-да, ижобий таассурот қолдира олди.
1961 йил АҚШ шахмат тарихида қизиқарли учрашув юз берди: эллик яшар Решевский ёш Бобби Фишер билан тўқнаш келди. У муросасиз ўйинни ғалаба билан якунлади. Мазкур мағлубиятдан аламзада бўлган, ёш ва жиззаки Фишер рақибини судга беради, аммо суд ҳам якунда ғалабани Решевский томонида қолдиради.
Гарчи жаҳон етакчилиги насиб этмаган бўлса-да, Решевский саккиз карра АҚШ чемпионлигини қўлга киритган. Халқаро турнирларда ҳам рақибларга етарлича муаммолар туғдира олган.
Ёшлигида порлаган вундеркинд 1992 йил Нью-Йорк шаҳрида ҳаёт билан видолашади.
Аброр Зоҳидов тайёрлади
Мавзуга оид
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024